Қудратини йўқотган Осиё гранди, Шукуровнинг собиқ жамоаси ва "яширин тулпор" ёхуд "Насаф"нинг ОЧЛдаги рақиблари билан танишамиз!
Хабарингиз бор, 18 сентябрь санасида ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинлари старт олади. Унга қадар, юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган жамоаларимизнинг гуруҳларидаги рақиблари, уларнинг ўйин услуби ва имкониятларимиз ҳақида фикр алмашамиз. Биринчи бўлиб майдонга тушиши кутилаётган Насаф” бу мақолалар сериясини бошлаб беради.
Қаршиликлар “B” гуруҳидан ўрин эгаллаган бўлиб, Қатарнинг “Ал-Садд”, БААнинг “Шаржа” ва Иорданиянинг “Ал-Файсалий” жамоалари билан кураш олиб боради. Ўйинлар уй/сафар тизимида ўтказилишини ҳисобга олсак, “аждарлар”да гуруҳдан чиқиш учун яхшигина имконият мавжуд. Бир неча йиллардан бери муҳлислар соғинган халқаро майдоннинг Қашқадарёга қайтаётгани ишқибозлар оқимига таъсир кўрсатмай қолмайди. Қўшимчасига, катта жамоаларда тўп тепиш илинжидаги ёш ижрочилар учун ҳам ОЧЛ чинакам ўзини кўрсатиш имкониятини тақдим этади.
Рақиб сафида кимлар тўп тепмоқда?
“Аc-Садд”.
Қатар клуби бундан 2-3 йил аввалги даражада тўхтатиб бўлмас куч эмас. Жамоа таркибида, ҳаракат вектори ва амбицияларида ҳам яхшигина ўзгаришлар содир бўлган. Ҳозир етакчилари орасида биз яхши таниган Боғдод Бунежжаҳ, Акром Афиф, Ҳасан Ал Ҳайдос сингари ижрочилар мавжуд. Жамоани португалиялик мутахассис Бруно Пинера бошқариб келмоқда. Клуб аввалгидек катта қудратга эга эмаслиги борасида бежизга сўз очганимиз йўқ. “Аc-Садд” ўтган мавсумда Қатар ички биринчилигида 3-поғона билан чекланган бўлса, Қатар Амири кубогида “Ал-Араби”дан йирик (3:0) ҳисобда мағлуб бўлди. Таркиб ва имкониятлар борасида “Аc-Садд” аввалгидек Осиёнинг энг кучли 4 жамоасидан бири эмас.
Ҳозирги ҳолати ва имкониятларидан келиб чиқиб, “Насаф” учун асосий рақобатчи бўлиш эҳтимоли мавжуд. Жамоа аввалгидек тезкор ва мобил эмас, бироқ “Ал-Садд”ни ҳисобдан чиқариб қўйиш учун бунинг ўзи камлик қилади. Қатар клуби ҳозирги ҳолатида ҳам гуруҳдан чиқиш учун асосий даъвогар, аммо ўйин борасида “Насаф”дан бир бош баланд эмас. Легионерлари ҳам аввалгиcидан фарқ қилади.
“Шаржа”.
Классик БАА клуби. Терма жамоага аъзо маҳаллий футболчилар ва сифатли легионерлар уйғунлиги. Плюс европалик мутахассис! Айнан шу уч омил ҳозирги “Шаржа”да мужассам. Руминиялик Космин Олариу бошқарувидаги Отабек Шукуровнинг собиқ жамоаси ОЧЛга саралаш ўйинларида муносиб иштироки билан етиб келди. Аввалига Бангладешнинг “Башундара Кингс” клуби таслим (2:0) этилган бўлса, кейин Эроннинг “Тракторсози” жамоаси ортиқча қийинчиликсиз меҳмонда (1:3) мағлуб этилди. “Шаржа” кучли легионерларга суянган, ҳимоя ва ҳужум чизиғидаги тафовут сезилиб турадиган араб жамоаларини эслатиб юборади. Таркибдаги асосий номдор футболчилар айнан ҳужум чизиғида ҳаракат қилади. Яқинда “Ал-Ҳилол”дан келган Мусса Марега, бразилиялик Каио Лукас, “Рома”даги ўйинлари билан кўпчиликка таниш бўлган Костас Манолас ва Миралем Пянич жамоанинг асосий юлдузларидан саналади.
Гуруҳда биринчи ўрин учун асосий даъвогар жамоа, бироқ муаммолари етарлича топилади. “Аждарлар” учун чизиқлар орасидаги боғламлари яхши ишламайдиган араб клублари кўпинча ўлжа бўлганини ҳисобга олсак, “Шаржа” жамоаси “Насаф” учун ўтиб бўлмас (албатта, қаршиликлар ўз ўйинини намойиш эта олса) тўсиққа айланмаса керак.
“Ал-Файсалий”.
Иордания клуби квартетдаги “яширин тулпор” образида ҳаракат қилади. Деярли терма жамоа футболчиларидан ташкил топган жамоани тунислик мутахассис Ҳази Ҳраири бошқариб келмоқда. Таркибда тунислик марказий ҳужумчи Рафик Камерги ва Натан Мавилла легионер мақомида ҳаракат қилади, холос. Қолган футболчиларнинг деярли барчаси Иордания фуқаролари. Жамоа ўйин услуби борасида “Насаф”га ўхшаб кетади, аммо ижрочилар классида “аждарлар”дан анча орқада. Ўз тарихида икки маротаба ОФК кубогида зафар қучган жамоа ушбу гуруҳдаги аутсайдер бўлишига қарамай, уй ўйинларида исталган жамоасидан очко тортиб олиши мумкин. “Ал-Файсалий” плей-оффга ким чиқишини белгилаб бериши мумкин бўлган жамоа.
“Насаф” ҳали тўлиқ спорт формасини тиклаб олмаган “Ал-Файсалий”га қарши ўйин орқали ОЧЛ гуруҳ босқичидаги иштирокини бошлайди. Бу кичик фактор ҳам якунда бизнинг фойдамизга ишлаши мумкин. “Ал-Файсалий” жуда йиғиқ ва жамоавий ўйинга катта эътибор қаратади. Баҳсда бурилиш ясашга қодир катта номлар йўқлигини интизом ва кучли иштиёқ билан беркитишга уринади.
“Насаф”нинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари қандай?
Оптимистик қарашларни бир четга суриб ташлаганда ҳам “аждарлар” камида иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиши шарт. Ҳозирги “Насаф” кўрсатаётган жамоавий футбол “Шаржа” ва “Ас-Садд” учун жуда ноқулай услуб саналади. Квартетдаги 3 жамоани ҳам ўз уйида мағлубиятга учрата олса, қаршиликларда ҳатто биринчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиш имконияти мавжуд. Энг муҳими, “Насаф” гуруҳдаги ҳеч бир рақибига класс борасида имкониятни бой бермайди. Курашса, совуққонлик намойиш этса, якунда айнан "аждарлар" “B” гуруҳи ғолибига айланиши ҳам ҳеч гап эмас.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар