"Қуръани кўзи кўр бўлади", лекин бунчалик кўр бўлмайдида ёхуд бокс бўйича Олимпиада қуръаси таҳлили
Париж Олимпиадаси ҳам старт олиб улгурди. Ўзбекистонлик мухлислар интиқиб кутаётгани бу бокс мусобақлари десак янглишмаган бўламиз. Кеча бокс баҳсларига қуръа ташланди. Тўғриси, турнир аввалидан кўпчилик башорат қилган ва хавотирланган ҳолат юзага келди, десак янглишмаган бўламиз. Ҳа, ХОҚ билан IBA ўртасида зиддиятлар мавжуд ва IBA билан яқин бўлган мамлакатларга қийин бўлиши мумкинлиги ҳақида жуда кўп гап-сўзлар бўлганди. Шунингдек, мезбонлик фактори деган омиллар ҳам боксчиларимиз зарарига ишлаши мумкинлиги тахмин қилинганди.
Кечаги қуръа шуни амалда ҳам исботлади, дея бемалол айта оламиз. Майли, аёлларнинг қуръасини қўйиб турайликда, эркакларнинг юриши қандай кўриниш олишига тўхталайлик.
Энг қийин қуръа -51 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Ҳасанбой Дўсматовга тўғри келди. Нафақат Ҳасанбой учун балки ушбу вазндаги энг кучлилар учун ҳам омадсиз бўлди. Сабаби, Дўсматов, Сакен Биббосинов(Қозоғистон), Тициан Панмот(Таиланд), Амит Пангал(Ҳиндистон) битта сеткадан жой олди. Тасаввур қилинг олтин медалга даъвогар уч нафар боксчи энди бир-бирини “ғажиб” чиқиши керак. У томонда эса ким бор, деган савол туғилиши табиий…Ҳа, дўстлар у томонда мезбонлар вакили Биллал Беннама бор. Назаримда французларга Тошкентдаги Дўсматовдан олинган нокаут оғир ботган шекилли, бу сафар қуръани ўзи учун қулайроқ қилиб олган чоғи. :) Албатта, қуръани кўзи кўр дейишади-ю, лекин бунчалик кўр бўлмайдида. Энди, Дўсматов иккинчи жангидаёқ Бибоссиновга тўғри келади. Уни ютса, катта эҳтимол билан Амит Пангал ва Тициан Панмотнинг ғолиби билан тўқнаш келади. Финалдан олдинги финаллар деб бемалол айтсак бўлади. Хуллас, Беннамани авайлаб, финалга олиб чиқишмоқчи ва балки финалда ҳам қандайдир воқеликлар содир бўлар. Тўғри, бу Олимпиада ва ҳар қандай боксчи ўзини кўрсатиши мумкин. Беннаманинг сеткасида ҳам Куба, Озарбайжон, Бразилия вакиллари бор. Эҳтимол, Беннама ярим йўлда ўз юришини тўхтатар. Бироқ воқеалар ривожи Беннама учун ишлаяпти. Албатта, биз Ҳасанбойга ишонамиз ва умид қиламиз, у йўлидан чиққан ҳар қандай тўсиқни ишонч билан бартараф этиб, иккинчи бор Олимпиада чемпионлигини қўлга киритади.
-57 кг вазнда ҳам қуръа зўр келди, деб айта олмаймиз. Чунки ҳамюртимиз Абдумалик Халоков иккинчи жангидаёқ яна бир қозоқ боксчиси Маҳмуд Сабирхан билан тўқнаш келади. Бу вазнда ҳам бокси ривожланган уч Осиё қитъаси вакиллари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Филиппин боксчилари битта сеткада финалга йўл олиш учун “даҳшат”ли курашга киришади. Карло Пааламни ҳам яхши биласиз, Токио Олимпиадасида Шаҳобиддин Зоировни мағлуб эта олганди. Хуллас, бу қуръа АҚШ вакили Жамал Харвей учундек таассурот уйғотмоқда.:) Бироқ, байроқдоримиз барибир барчасидан устунроқ ва у ҳам Олимпиада олтин медалини қўлга киритишига ишончимиз юқори. Бу борада унга ҳам омад тилаймиз!
-63,5 кгда Руслан Абдуллаев финалга чиқиш йўлида Софьян Умиа ва Баҳодир Усмонов тўсиғидан ўтишга тўғри келади. Агар, Руслан юқори формасида бўлса, ўша қўрқинчли Умия ҳам муаммо бўлмайди. Бунга умид қиламиз!
-71 кгдаги вакилимизга қуръа бироз енгилроқ келди, десак муболаға бўлмайди. Асосий рақиблар Асланбек Шимбергенов(Қозоғистон) ва Севонрец Оказава (Япония) нарги сеткадан ўрин олди. Катта эҳтимол билан юртдошимизнинг финал йўлидаги асосий рақиби АҚШ вакили Омари Жонс бўлиши мумкин. Бироқ юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бу нисбий тушунча, зеро Олимпиадада янги номлар кашф қилиниши аниқ! Албатта, тахминларимиз ўзини оқлаши ва Асадхўжа финалга чиқиш йўлида Жонс тўсиғини махв этишини хоҳлаймиз!
-80 кгда истеъдодли боксчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев учун ҳам қуръа бироз омадсиз келди, деб айтишимиз мумкин. У илк жангидлаёқ Филиппин вакили Марсиал билан тўқнаш келади. Шунингдек, унинг сеткасидан олтинга даъвогарлар украиналик Александр Хижняк, Куба вакили Лопес Кардона бразилиялик Соуза Перрейралар ўрин олишган. Биз умид қиламизки, Париж Олимпиадасида порлаб чиққан янги юлдуз Тўрабек Ҳабибуллаев бўлади.
-92 кгдаги вакилимиз Лазизбек Муллажоновга ҳам ишончимиз юқори. Унга ҳам қуръа илк тўқнашувдаёқ жиддий рақиб Италия вакили Азиз Аббос Мухиддинни тақдим этди. Италиялик боксчининг Тошкентдаги жаҳон чемпионатида қандай савиядаги атлет эканлигига гувоҳ бўлгандик. Албатта, Мулложонов ушбу тўсиқдан ўта олса, сеткасидаги қолган рақибларини мағлуб этишни уддасидан чиқади. Хатто, Кшуташвили ва британ Браун ҳамда бразилиялик Мачадо ҳам италиялик боксчи каби хавфли эмас, деган бўлардим. Албатта, бу шахсий фикрим. Нарги тарафда эса Ла Крузнинг катта эҳтимол билан финалга чиқиш имконияти юқори…Хуллас, Муллажоновдан ҳам умидимиз катта.
+92 кг вазнда эса биргина эътиборни тортадиган жиҳат, Баҳодир Жалоловнинг 4-рақамда сараланганлиги бўлди. Бу очиғи, мантиққа ҳам тўғри келмайди. Бироқ, Жалоловни мантиққа ҳам тупуриб қўйган жойи бор ва ишонамизки у 2-бор Олимпиада чемпионлигини қўлга киритади.
Албатта, бу шаҳсий фикр ва қарашларимиз холос. Барчасини ринг ҳал қилади. Бироқ, барибир қуръа “математика”га ҳам тўғри келмаяпти-да…
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.
Фикрлар