Рақибда бунақа талантлар йўқ! Ўзбекистон, Шомуродов ва Ўруновга қандай баҳо беришди?

2026 йили АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Осиё минтақаси саралаш мусобақасининг ҳал қилувчи учинчи босқичи муваффақият бошланганидан хабарингиз бор. 

Бу босқичда қитъанинг энг кучли 18 та терма жамоаси учга бўлинган ҳолда курашни давом эттирмоқда. Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки поғонани эгаллаган терма жамоалар тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига йўлланма олади. Ўз гуруҳида учинчи ва тўртинчи ўринни қўлга киритганлар эса, тўртинчи босқичда мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттиради.

Ўзбекистон А гуруҳидан чиқиш учун Эрон, Корея Халқ Демократик Республикаси, Қирғиз Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар терма жамоалари билан рақобатлашиши белгиланган. Дастлабки икки турдан кейин Сречко Катанец шогирдлари гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Эронлик футболчилар ҳам худди биз каби 100 фоизлик натижа қайд этмоқда. Қолган барча терма жамоалар очко йўқотиб бўлди.

Иккинчи турда футболчиларимиз Бишкекда Қирғиз Республикаси терма жамоаси устидан жуда қийин ғалабага эришди. Футболчиларимиз икки бор ҳисобда ортда бориб, якунда камбэк эвазига рақиб дарвозасига уч маротаба йўл топа олишди. Элдор Шомуродов дастлаб ҳисобни тенглаштирган бўлса, Остон Ўруновнинг ғалаба голига пас узатиб берди. орада Ҳусниддин Алиқулов ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.

Таҳлилчилар ва экспертлар бу ўйин борасида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Sports.uz портали Ўзбекистоннинг муҳим ғалабасига россиялик экспертларнинг муносабатини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.

Данила Даченков, Setanta Sports эксперти ва шарҳловчиси:

Самарадорлик бўйича анча ёрқин ўйин бўлди. Айниқса, Остон Ўрунов зўр ўйнади. Биз уни “Уфа” ва “Спартак”даги ўйинларидан яхши биламиз, ҳозир Эронда тўп тепяпти. Остон Ўрунов ва Элдор Шомуродов каби чарм тўп усталари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги фарқни таъминлаб туради. Қирғизистонда бунақа талантлар йўқлиги маълум.  

Бундан ташқари, Францияда ўйнаётган Абдуқодир Ҳусановни ҳам ҳамма билади. Элдор Шомуродов бу мавсум “Рома”да кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, Осиёнинг кучли лигаларида иштирок этаётган футболчилар бор.

Шу боис, Ўзбекистон жуда иқтидорли ва салоҳиятли терма жамоа сифатида намоён бўлмоқда.  

Гиви Джаши, россиялик футбол шарҳловчиси:

Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа оладими? Чиқади, деб ўйлайман. Бу гуруҳда битта кучли рақиб борлиги тушунарли. Бироқ Ўзбекистон терма жамоасида Европа клубларида ўйнаётган бир неча ўйинчилар борлигини инобатга олиш керак. Улар ўз клубларидан футбол ўйнаш усулларини терма олиб киради.

Бу жамоа сўнгги учрашувда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳам муҳим кўрсаткич. Улар тўп ўтказиб юборганига қарамай, мағлубиятни ғалабага айлантириб юборишни уддалай олди.

Октябрь ойидаги ФИФА кунларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккита ўта муҳим учрашувни ўтказади. 10 октябрь куни ҳамюртларимиз ҳали очко йўқотмаган ва дарвозасидан бирорта тўп ўтказиб юбормаган Эрон терма жамоасини Тошкентда қабул қилади.

Орадан беш кун ўтиб, футболчиларимиз гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб турган Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши сафарда тўп тепади. Мана шу икки ўйин кўп нарсага ойдинлик киритади.

“Рома”га Шомуродов бўйича шов-шувли таклиф беришди!

Европани забт этишга кетган ўзбек футболчиси ҳақида маълумотлар

Шомуродов “ДиСу”га қарши!

Шомуродовга Европада яна имконият беришга қарор қилишди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
13/09/2024 14:47
Эрон ва БАА ни ютамиз Узбекистонга омад
&
Адхамжон Низомов
12/09/2024 17:55
Яхши фикрлар билдиришибди.Ташаккурлар.Худо хохласа Эрон ва БАА ни хам ютамиз. Иншааллох.