Европани забт этишга кетган ўзбек футболчиси ҳақида маълумотлар

Жаҳоннинг ҳар қандай бурчагидаги чарм тўп усталарининг аксарияти учун Европанинг энг кучли лигаларидан ўйнаш орзу ҳисобланади. Шу жумладан ўзбек футболчилари учун ҳам.

Ҳозирча, топ-лигаларда тўп тепиш бахтига “Рома”даги Элдор Шомуродов ва “Ланс”даги Абдуқодир Ҳусанов муяссар бўлиб турибди. Лекин бу ўйинчиларимиз Италия ва Франция лигаларига тўғридан тўғри йўл олмаган.

Улар учун Россия ва Беларусь чемпионатлари каби мусобақалар трамплин вазифасини ўтаган. Айни пайтда Россия Премьер лигасида ЦСКА шарафини ҳимоя қилаётган Аббосбек Файзуллаев ҳам терма жамоадаги икки шериги ортидан боришни мақсад қилган.

Ёзги трансферлар вақтида Россия Премьер-лигасига яна бир истеъдодли футболчимиз Алишер Одилов ҳам кўчиб ўтди. Истеъдодли ҳужумчининг ҳам асл мақсади энг кучли лигаларда тўп тепиш ва Россия чемпионати унга чегара эмас.

Sports.uz портали Москва вилоятининг “Химки” жамоасига қўшилган легионеримиз ҳақидаги қизиқарли маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳукмига ҳавола қилади.

“Химки” ҳақида

Ўтган мавсум Россия чемпионати биринчи лигасида ғолиб чиққан “Химки” Премьер-лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Табиийки, жамоанинг энг муҳим вазифаси кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолишдан иборат.

Клуб хўжайинлари ана шу мақсадни уддалаш учун ишни таркибни Премьер-лига савиясига мослашдан бошлади. Бош мураббийликка испаниялик Франк Артига олиб келинди. Унинг бошчилигида таркиб деярли қайтадан тузиб чиқилди. Ўн нафардан зиёд футболчи кетиб, йигирма атрофида янги ижрочи келди.

“Химки” 600 минг еврога баҳоланаётган Алишер Одиловни эркин агент сифатида бепул трансфер қилди. Франк Артига бошчилигидаги мураббийлар штаби бу ўйинчи ҳам ЦСКАдаги Аббосбек Файзуллаев сингари жамоада асосий фигурага айланишидан умидвор. Уларнинг ишончи кейинги пайтда ўзбек футболидан ноёб истеъдодлар етишиб чиқаётгани билан асосланади.

“Пахтакор” – истеъдодлар фабрикаси

“Пахтакор” ўзбек футболига жуда кўп талантларни кашф қилиб берган. Алишер Одилов ҳам “шерлар” сафида футбол сир-асрорларини ўрганган. Кейинчалик Париж Олимпиадасида иштирок этиш мақсади учун курашган Ўзбекистон олимпия терма жамоасига асос қилиб олинган “Олимпик” клубига жалб қилинди.

Асосий амплуаси ўнг қанот ҳужумчиси бўлган Алишер Ўзбекистон чемпионати Про-лигасида 19 та учрашувда 10 та гол ва олтита ассист қайд этганидан кейин мухлису мутахассислар эътиборига тушганди. Бу жамоа сафида Ўзбекистон кубогида ҳам бешта ўйинда учта тўп киритди.

Олимпиада – унутлмас онлар

2021 йилнинг кузида Одилов 23 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоага чақиртирилди. Бу терма жамоада жами 27 та учрашувда ўз  ҳисобига 12 та гол ёздириб қўйди. Жамоадошлари билан Осиё ўйинлари бронза медалини қўлга киритди. Учинчи ўрин учун баҳсда Гонконг дарвозасига супер гол урди.

Алишер дастлаб Париж Олимпиадасида қатнашган жамоа сафига киритилмаган бўлса-да, мусобақа давомида Иброҳимхалил Йўлдошев ўрнини эгаллади. Алишернинг Доминикан Республикаси дарвозасига урган голи терма жамоамизга Олимпия ўйинларидаги биринчи очкони келтирди.

Камтарин, лекин профи

“Химки”нинг янги ўйинчиси доим профессионал бўлишга ҳаракат қилади. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатсангиз дабдаба, ҳашамат, манманликни умуман кўрмайсиз. Дам олса, табиат қўйнига чиқади. Вақтининг катта қисмини футболга бағишлайди ва мухлисларига доимо охиригача курашиш кераклигини таъкидлаб келади.

Алишер Одилов “Химки” назарига 2024 йилнинг февралида Туркиядаги йиғинда тушган. Ўшанда Москва вилояти жамоаси Тошкентнинг “Олимпик” клуби билан ўртоқлик учрашувида куч синашган.

Беллашувда тошкентликлар 2:1 ҳисобида ғолиб чиққан ва ўшанда Алишер Одилов жамоасининг биринчи тўпини киритган эди. Унинг фаол ҳаракатлари “Химки” селекционерлари эътиборини тортган.

Бақувват ва тезкор

Алишер Одилов бир қарашда қанот ҳужумчисига ўхшамайди. Бўйдор ва гавдали. Унинг бошланғич тезлиги ўта юқори. У чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради.

Бу ўйинчи рақибларини катта тезликда, чалғитиб алдаб ўтиш ва марказ томон ҳаракат қилиб, дарвозага кучли зарба йўллашни яхши кўради. Ўнақай бўлганига қарамай, чап оёқда ҳам аниқ ва кучли зарба беради.

Одилов тўп учун курашдан қочмайди. Гавдаси эвазига кўпинча яккакурашларда ғолиб чиқади. Қўрқмай охиригача боради.

Мутахассислар Алишерга дриблинг ишлатишда ранг-баранглик етишмаслигини таъкидламоқда. Футболчи бу жиҳат устида ишлаши керак. Улар Одиловга креативликни оширишни ҳам маслаҳат беришмоқда.

Одиловни Файзуллаев билан таққосламанг!

Алишер ҳам, Аббосбек ҳам битта фабрика – “Пахтакор” тарбияланувчилари ҳисобланади. Иккиси ҳам легионер мақомига лойиқ ўйинчилар. Халқаро майдонда ўзларини кўрсатиб келмоқда.

Лекин уларни бир бири билан солиштиришга шошилмаслик керак.

Биринчидан, улар икки хил типдаги футболчилар. Аббосбек юқори техникасига таяниб ўйнайди, марказга интилади, ҳужум вақтида позициясини бемалол алмаштира олади. Алишер эса, соф қанот ўйинчиси. Унга тўпни қанотдан шеригига узатиб, ўзи марказга фақатгина рақиб жарима майдончаси яқинида кўчиб ўтиш қулай.  

Иккинчидан, Файзуллаев ўйин услубида хилма-хиллик устун туради, тасаввури бой, креатив ҳаракатлари кўп. Одилов бу борада ҳамюртига етиб олиш учун кўпроқ меҳнат қилиши керак.

Алишер Одиловнинг ҳам салоҳияти юқори. Мутахассислар ўзбек легионери Россия Премьер-лигасининг муҳим ижрочиларидан бўлишга лойиқ эканини эътироф этмоқда.

Тўқнашувлардаги бу рақамлар Ўзбекистоннинг қудратини кўрсатяпти!

Ҳусанов атрофида катта ўзгаришлар бўлди!

Шомуродов майдонга бир ўзи тушса, уни албатта тўхтата оламиз, лекин...

Отабек Шукуровнинг кетиши фойда келтирди!

Бош мураббий легионеримизни танқид қилди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!