Расман! Англия клуби бу мавсум учинчи бош мураббийни ҳайдади

Англия Премьер-лигасининг 26-туридан кейин қуйи лигага тушиб кетадиган хавфли ҳудудга яқинлашиб қолган “Ноттингем Форест” клуби раҳбарияти кескин қарор қабул қилди.

“Ўрмончилар” жамоани бошқариб келаётган таниқли мутахассис Шон Дайчни бош мураббийлик лавозимидан озод этди. Бу ҳақда клуб расман эълон берди.

- “Ноттингем Форест” футбол клуби расман тасдиқлайдики, Шон Дайч бош мураббий вазифасидан озод этилди. Биз Шон ва унинг мураббийлар штабига клубдаги меҳнати учун миннатдорлик билдирамиз ҳамда уларга келгуси фаолиятида омад тилаймиз. Айни пайтда қўшимча изоҳлар берилмайди, - дейилади жамоанинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Таъкидлаш жоизки, “Ноттингем Форест” жорий мавсумда ҳозиргача учинчи бош мураббийни ишдан бўшатди. Бундан аввал клуб Нуну Эшпириту Санту ва Ангелос Постекоглу билан ҳамкорлик шу тарзда тўхтатилган эди.

Айни пайтда клуб, мусобақа жадвалида 17-ўринга тушиб қолган жамоани Англия Премьер-лигасида олиб қолишга қодир мутахассис қидирмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!