Расман. "Челси" Хаби Алонсони бош мураббий этиб тайинлади
Лондоннинг "Челси" клуби Хаби Алонсони жамоанинг янги бош мураббийи этиб расман тайинлади.
44 ёшли испаниялик мутахассис лондонликлар билан 4 йиллик шартнома имзолади — 2030 йил ёзигача. У ўз иш фаолиятини 1 июлдан бошлайди.
2025/26 мавсумда "Челси" икки мураббий билан хайрлашди — Энцо Мареска ва Лиам Росеньор ишдан бўшатилди. Улардан кейин жамоани вақтинча Калум Макфарлейн бошқариб келди. Ҳозирда “аристократдар” АПЛ жадвалида 9-ўринда бормоқда.
Футболчилик фаолиятида “Ливерпуль”, “Реал” ва “Бавария” клубларида ўйнаган Алонсо мураббий сифатида аввал “Реал” академиясида, кейин “Реал Сосьедад”нинг иккинчи жамоасида ишлаган. 2022–2025 йилларда у “Байер”ни бошқариб, 2023/24 мавсумда Германия чемпиони бўлди ва мусобақани мағлубиятсиз якунлади, шунингдек Кубок ва Суперкубокни ҳам қўлга киритди.
Алонсоннинг сўнгги иш жойи 2025 йил июндан 2026 йил январгача “Реал” бўлган. У 34 ўйинда 24 ғалаба, 4 дуранг ва 6 мағлубият қайд этган.

Фикрлар