Расман! Рубин Хебай Саудия Арабистони клубига трансфер қилинди
“Андижон”нинг албаниялик тўпурар легионери Рубин Хебай ўтган мавсум давомида нималарга қодирлигини намойиш этди ва қисқа фурсат ичида ўзидан илиқ таассурот қолдира олди. Мухлислар меҳрини қозонди.
Ўтган вақт мобайнида албаниялик ҳужумчига қизиқишлар бўлди. Аммо футболчи “Андижон” билан икки йиллик шартнома имзолагани боис унинг яна бир йили амалда эди. Хебайга жиддий қизиқиш билдирган клублар орасида Саудия Арабистонининг “Ал Оруба” жамоаси ҳам бўлиб, мазкур клуб жиддий таклиф билан чиқди. Натижада жамоамиз билан олиб борилган музокаралардан сўнг “Андижон” Хебайни “Ал Оруба” клубига трансфер қилишга розилик билдирди. Албатта, “Андижон” Рубинни сотиш ниятида эмасди. Бироқ Хебайнинг хоҳиш ва истагидан келиб чиққан ҳолда мазкур трансфер амалга оширилди.
Маълумот учун, “Ал Оруба” Саудия Арабистони биринчи дивизионида иштирок этмоқда. Айни пайтда жамоа турнир жадвалида 31 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди.
Рубин бугун Саудия Арабистонига жўнаб кетади ва клубида тиббий кўрикдан ўтганидан кейин шартнома имзолайди.
Хебай ўтган мавсумда жамоамиздаги дебют йилида 27 ўйинда иштирок этиб, майдонда 2138 дақиқани ўтказди. Рақиблар дарвозасига 14 та гол урди ҳамда 3 та голли узатмани амалга оширди. Бу орқали у “Андижон”нинг энг яхши тўпурарига айланди. Суперлигада эса тўпурарлар орасида иккинчи бўлди. Мавсум якунларига кўра, Хебай Суперлиганинг энг яхши футболчиси бўлди ва йилнинг рамзий терма жамоасидан жой олди.
Биз Хебайга жамоамиздаги меҳнати ва ғалабаларга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирамиз ва унинг кейинги фаолиятига омад тилаймиз, - дея хабар бермоқда, “Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар