Расмий хабар: Икарди ПСЖ билан шартнома имзолади

"Пари Сен-Жермен" "Интер" ҳужумчиси Мауро Икардининг трансферини расман эълон қилди.

27 ёшли аргентиналик футболчи клуб билан 2024 йил 30 июнигача мўлжалланган шартнома имзолади. Ушбу келишув томонлар ўртасидаги ижара муддати якунига етганидан сўнг амал қилишни бошлайди.

Олдинроқ, ушбу трансфер ПСЖ учун 50 миллион еврога тушиши, форвард эса йилига 8 миллион евро маош олиши маълум бўлган эди.

ОАВ хабарига кўра, агар парижликлар форвардни бир йил ичида итальян клубларининг бирига трансфер қиладиган бўлса, унда "Интер" қўшимча бонус сифатида 15 миллион евро олади.

Жорий мавсумни ПСЖда ижара асосида ўтказган Икарди 30 та ўйинда 20 гол ва тўртта голли узатмани муаллифи бўлди. Шунингдек, у клуб билан мамлакат чемпионлигини ҳам қўлга киритди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)