Равшан Эрматов бошчилигидаги ЎФА делегациясининг Андижонга ташрифида нималар рўй берди? Ёхуд хорватиялик Асанович бир гапни айтди...
Хабарингиз бўлса, бу йил ўзбек футболининг 110 йиллик байрам фестиваллари вилоятларда кенг нишонланиб келинмоқда. Бу сафарги мана шундай шодиёна тадбирлар Андижонда давом эттирилди. Равшан Эрматов бошчилигидаги ЎФА делегациясининг навбатдаги манзили айнан Андижонга қаратилди.
Вилоят футбол федерацияси раҳбарияти, фахрийлар ва ОАВ вакиллари меҳмонларни илиқ қарши олди. Дарвоқе, яқинда Тошкентга келган хорватиялик собиқ футбол юлдузи Алёша Асановичнинг Андижонга ташриф буюргани ҳам эътиборимизни тортди. Меҳмонлар дастлаб Шўрбулоқдаги болалар ва ўсмирлар футбол академиясида бўлдилар. У ерда ёш болажонлар билан учрашувлар ташкил қилинди ҳамда меҳмонлар ўзларининг эсдалик совғалари билан улашдилар. Шунингдек, Эрматов ва Асанович бўлажак мураббийлар билан ҳам кўришиб, уларга ўзларининг фикрларини, маслаҳатларини бердилар.
Ташриф давомида табиийки, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан ҳам учрашув белгиланган бўлиб, режага кўра мазкур жараён амалга ошди. Албатта, Шуҳратбек Қўшоқбоевич билан учрашув жуда самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Эътиборлиси, Андижон вилояти ҳокими ўзбек футболи ривожига қўшаётган ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўз навбатида Абдураҳмонов Равшан Эрматов, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ҳамда хорватиялик Алёша Асановичга зарбоф тўн кийдирди. ЎФА вице-президенти Андижон вилояти футболнинг оммавийлиги ортиб бораётгани, бу ердаги клублар дадил ривожланиш йўлида эканини алоҳида таъкидлади. Вилоят ҳокими вилоятда футболда эришилаётган ютуқларга тўхталиб, вилоятнинг бош жамоаси “Андижон” ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди. Кейинги мавсумда жамоани Суперлигада иштирок этишига ишончи комил эканини ва мухлисларни хурсанд қилиш учун жамоани янада кучайтириш ва шакллантиришда барча ёрдамни кўрсатишини алоҳида айтиб ўтди.
ЎФА делегацияси вилоят ҳокими билан учрашувдан сўнг Андижон шаҳридаги Бўстон даҳасида жойлашган вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактабига ташриф буюрди. Шунингдек, бу ерда бевосита “Андижон” футбол клубининг қароргоҳи ҳам жойлашган. У ерда ёш футболчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Сўнгра Эрматов, Асанович ва Исоқов футбол мактабида тарбия олаётган болалар билан алоҳида учрашув ўтказдилар. Хорватиялик мутахассис болаларга ўзи ҳақида гапириб, улар учун ўз маслаҳатини ҳам айтди.
“Менинг исмим – Алёша. Ёшлигимда акам билан футбол ўйнаб юрардик, - дея гап бошлади Асанович. - Бир куни акам менга, сени футбол академиясига олиб бораман, деди. Кейин шундай бўлди ва мен бордим. Бир мураббий мени кўриб ёқтириб қолди ва ўз устингда ишлашда давом этсанг, сендан яхши футболчи чиқади, деб айтди. Кейин мен янада қаттиқ ишлашга киришганман.
Биласизми, бизни Хорватия кичкина мамлакат. Аҳолиси 4 миллион. Бу худди Андижон аҳолисидек гап. Мен 1998 йили Хорватия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида қатнашиб, 3-ўринни олганмиз. 20 йилдан кейин 2018 йилда терма жамоамиз Россияда ўтган жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритди. Ҳар йили Хорватиядан 1000 нафар футболчи чет элга кетади. Айниқса, яхши шуғулланишганидан 15-17 ёшлигидан уларни олиб кетишади. Ўзбекистон аҳолиси Хорватиядан 8 баробарга кўп. Сизлардан ҳам Модрич, Ракитич каби юлдузлар чиқиши мумкин. Бунинг учун бор эътиборингларни фақат футболга бағишланглар.
Сизларни ўз ватанинглар – Ўзбекистон учун футбол ўйнаш орзуинглар бор. Айниқса, ўзингларни, оилангларни ва ватанингларни обрўсини ошириш мақсадинглар бор. Авваламбор, сизлар футбол ўйнаяпсизларми, демак футболни қаттиқ яхши кўришинглар керак. Яхши футболчи бўлиш учун доим ўзингларни қийнаб меҳнат қилишинглар лозим. Шунчаки, ишлаш бўлмайди. Қаттиқ меҳнат қилсангларгина эртага натижа бўлади. Албатта, бунда мураббийларга қулоқ қолиш ва уларнинг айтганларини бажариш ҳам муҳим. Бу ерда барчамиз сизларга хизмат қилиш, сизларга яхши шароитларни яратиш учун ҳозир шу ердамиз. Футбол дунёдаги энг яхши спорт. Бундан сизлар роҳатланишинглар керак. Сизлар ота-онангларни хурсанд қилишда ва ота-онанглар сизлар билан фахрланишида албатта сиз ёшларга омад тилайман”, - деди Асанович.
Равшан Эрматов эса Андижон футбол афсоналаридан бири ҳисобланмиш Бахтиёр Ҳамидуллаевни болаларга ўрнак қилиб кўрсатди ва унинг қандай ҳужумчи бўлганини уларга батафсил айтиб берди. Бундан мақсад Ҳамидуллаев каби келажакда терма жамоа шарафини ҳимоя қиладиган моҳир футболчи бўлиб етишишларини ва бунда Бахтиёрнинг фаолиятини намуна қилиб олишларини ҳам алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, Равшан Сайфиддинович “Андижон” клуби қароргоҳини ҳам кўздан кечирди. Клуб президенти Журъатбек Қувватов ва бош мураббий Виктор Кумиков билан суҳбатлашиб, жамоанинг натижаларидан мамнун эканини билдирди.
Режага мувофиқ мазкур футбол мактаби майдонида Ўзбекистон ва Андижон вилояти фахрийлар жамоалари иштирокида ўйин ўтказилди.
Ўзбекистон фахрийлар терма жамоаси: Вячеслав Томилин, Маъмур Саидқосимов, Сергей Ковшов, Ориф Маматказин, Маҳмуд Собиров, Алексей Евстафеев, Низом Насриддинов, Аскар Жадигеров, Фазлиддин Шоимқулов, Азамат Абдураимов, Фурқат Эсонбоев.
Бош мураббий: Биродар Абдураимов.
Андижон вилоят фахрийлар терма жамоаси: Ҳамид Зокиров, Рустам Собиров, Рафаэль Муслимов Раҳим Қодиров, Музаффар Раҳимбердиев, Адҳам Каримов, Отабек Қиличев, Рустам Абдиев, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Виталий Легай, Фарҳод Қодиров.
Бош мураббий: Тоир Низомов.
Голларга бой тарзда кечган учрашувда 3:3 ҳисоби қайд этилди. Азамат Абдураимов (2 та) ва Бекзод Каримовнинг голларига Андижондан Бахтиёр Ҳамидуллаев (2 та) ва Лочин Солиев жавоб қайтаришди.
Шунингдек, "Андижон" футбол клуби президенти Журъатбек Қувватов нафақат вилоят футболи, балки ўзбек футболи ривожи йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари ва меҳнатлари ҳам муносиб эътироф этилди.
Шу муносабат билан Журъатбек Қувватов кўкрак нишони медали билан тақдирланди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар бўлими бошлиғи, ўзбек футболи афсоналаридан бири - Тўлаган Исоқов "Андижон" клуби президентига кўкрак нишонини топширди.
"Андижон" футбол клубининг имиджини ошириш ҳамда ривожлантириш йўлидаги изчил ҳаракатлари ва меҳнатлари ўлароқ, эндиликда жамоа янгича қиёфага кириб бормоқда. Бу йўлда истиқболли режалар босқичма-босқич амалга оширилаётгани ҳам эътиборга молик. Бу йўлда кўзлаган мақсадига эришишига ишончимиз комил!
Бугун “Бобур Аренад” про лиганинг 17-турида “Андижон” “Шўртан” клубини қабул қилади. ЎФА делегацияси мазкур учрашувни бевосита стадионда томоша қилади.
Фикрлар