Равшан Ҳайдаров Ироқ мағлуб этилган ўйиндан сўнг нималар деди?
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 2-туридан ўрин олган Ироқ - Ўзбекистон учрашувида вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Ўйин ўз аҳамияти билан шиддатли ва асабий ўтди. Футболчимизнинг қизил олгани бизга қийинчилик туғдирди. Жамоамиз бугун юракдан ўйнади ва шунинг учун ғалаба қозондик. Бу жуда қийин қўлга киритилган 3 очко бўлди.
Абдураззоқов ўйинга тушмади. У темпга, услубга мос келмади. Умуман олганда, бу тактик қарор эди. Нодир хатолар қилди ва чиқиб кетгач, бироз ҳиссиётларини жиловлай олмади. Буни тўғри тушунаман. Беллашув жуда эмоцияларга бой ўтаётганди.
10 киши бўлиб қолганимиздан сўнг тактикани ўзгартирдик. Қарши ҳужум билан ўйнашга ҳаракат қилдик. Тўғри, хатолар бўлди. Аммо бу ёшда камчиликлар кўзга кўриниши ноодатий эмас. Буни камайтириш устида иш олиб борамиз.
Гуруҳдан чиққанимиз ажойиб бўлди. "B" гуруҳидаги рақибларни ҳам кузатиб боряпмиз. Бу билан шуғулланадиган алоҳида гуруҳимиз бор. Бироқ эслатиб ўтмоқчиман, навбатдаги учрашув ҳам катта аҳамиятга эга.
Абдураззоқовнинг норози бўлиб, чиқиб кетиши ички муҳитга таъсир қилмайди. Ҳаммаси назорат остида. Терма жамоага энг кучли футболчилар жалб этилган. Улар ўз даражасини яхши билади. Нодир билан ҳеч қандай муаммо йўқ, дея оламан.
Руҳий томонлама шуғулланишимиз керак. Бу тиббий ходимларимиз, психологларимиз қиладиган иш. Албатта, мен ҳам йигитлар билан бу борада батафсил гаплашиб оламан.
Индивидуал ҳаракатлар - муҳим. Бундай қобилиятга эга футболчиларни қўллаб-қувватлайман. Сабаби, уларнинг ҳаракати эвазига голлар юзага келиш эҳтимоли юқори", - деди мутахассис.
Фикрлар