Равшан Ҳайдаров Жанубий Корея устидан қозонилган ғалабадан сўнг фикр билдирди
Саудия Арабистонида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги давом этмоқда. “C” гуруҳидан жой олган Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳни биринчи ўринда якунлади ва кейинги босқичга йўл олди.
Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ҳамда гол муаллифи Беҳруз Каримов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Равшан Ҳайдаров:
"Авваламбор, кейинги босқичга чиққанимиз ва чиройли ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Муҳим қадам қўйдик. Ўйиндан кейин футболчиларга яна бир бор раҳмат айтдим. Йигитлар ишлаб чиқилган режани аъло даражада бажаришди.
Матонат, ақл ва сабр билан ўйнадик. Биринчи бўлимда Жанубий Корея тўп назоратида устунликка эга бўлди, бироқ биз сабр билан, режа асосида ҳаракат қилдик.
Гуруҳдан чиқиш — мақсадимиз сари қўйилган биринчи қадам эди. Энди навбат плей-офф учрашувларига. Эртага рақибимиз аниқ бўлади. Ротациялар ҳам бўлиши мумкин, захирада ҳам сифатли футболчиларимиз бор. Мақсадимиз — ўйиндан ўйинга ўсиб бориш.
Энг муҳими, футболчилар ўйин режаси ва стратегияга тўлиқ амал қилишди. Ўйинни тушуниб, индивидуал маҳоратни қўшган ҳолда натижага эришамиз. Мақсадимиз аниқ — чемпионлик учун курашамиз."
Беҳруз Каримов:
"Ассалому алайкум. Бугунги ўйин жуда ажойиб ва эмоцияларга бой бўлди. Худога шукр, ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқдик. Энди навбатдаги учрашувларга ҳам жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Биз бу ерга шунчаки иштирок этиш учун келмадик. Ёшимиз кичик бўлиши мумкин, аммо мақсадимиз катта — чемпионлик. Биз учун ҳар бир ўйин финалдек.
Олдинги учрашувларда имкониятларим бўлмади. Бугун эса вазият юзага келди ва иккиланмасдан зарба бердим. Натижада гол уришга муваффақ бўлдим."



Фикрлар