Равшан Ҳайдаров водий дербиси олдидан жамоаларнинг имкониятларини баҳолади

Бугун Суперлиганинг 17-тури доирасида яна учта ўйин ўтказилади ва шу билан мазкур турга ҳам якун ясалади. Яширишнинг ҳожати йўқ, бугун кўпчиликнинг диққат-эътибори Андижондаги «Соғлом авлод» стадионига қаратилади. Боиси, водий дербиси номи остида «Андижон» ён қўшниси – «Навбаҳор»ни қабул қилади.

Ушбу жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашуви ҳам жуда шиддатли, ҳиссиётларга бой тарзда кечганди ва ўшанда ғолиб номи аниқланмаганди – 1:1. Бунинг устига учрашувдан олдин иккала жамоанинг мухлислари ўзаро дўстлик ва бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида бир пиёла чой устида яқин муносабатларини мустаҳкамлаган ҳолда бир-бирларига омад тиладилар.

Андижонда ўтадиган баҳсда ҳам ўйин «ҳарорати»нинг юқори даражаси кузатилиши кутилмоқда. Бунинг устига андижонликлар иккинчи даврани кўтаринки руҳда бошлашди ва ҳали Суперлиганинг иккинчи даврасида мағлубиятга учрашгани йўқ. Наманганликларда эса вазият аксинча тус олмоқда. Улар иккинчи даврада ҳали ғалаба қозонишгани йўқ. Иккала жамоани фақат ғалаба қониқтирадиган бундай ўйинлар эса ишонамизки, чемпионатимизнинг жозибасини янада ошира олади.

Шунинг учун кўплаб мутахассисларнинг ҳам эътибори водий дербисига қаратилмоқда. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи, таниқли мутахассис Равшан Ҳайдаров ҳам «Андижон» ҳамда «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашувга катта қизиқиш билан қарамоқда. Шу сабабли Равшан Акмалович мазкур дерби олдидан ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.

- Албатта, водий дербиси доирасидаги «Андижон» ҳамда «Навбаҳор» жамоалари ўртасида жуда қизиқарли ўйин бўлиши кутилмоқда, - дея гап бошлади, Ҳайдаров. - Масалан, андижонликлар иккинчи даврани яхши бошлашди ва охирги турда сафардаги ғалабадан кейин уларнинг руҳий ҳолати яхши. Ўйлайманки, мезбонлар ушбу учрашувга ҳар томонлама яхши ҳолатда етиб келишди.

«Навбаҳор»да эса аксинча вазият бўлди. Охирги ўйинларда наманганликлар ўзлари кутган натижаларга эриша олишмаяпти. Лекин «Навбаҳор» мавқеини тўғрилаш, «Андижон» эса ўрнини янада мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам водий дербиси ҳужумкор ва қизғин тарзда кечади.

Бу чинакам дерби! Иккала жамоалар ўртасидаги тўқнашувлар ҳар доим ўта кескин ҳамда муросасиз руҳда ўтган. Ишонаманки, бу сафар ҳам мухлисларга ёқадиган, чиройли ўйин бўлади.

Имкониятларга келсак, бу борада иккала жамоаники тенг. Тўғри, бугунги кунга келиб «Андижон» жамоаси кўтаринки руҳда бўлиши мумкин. Аммо «Навбаҳор» омадсизликка учраётган бўлса-да, уларнинг ўйинларида мазмун ва ҳужумкорлик кўриниб турибди. Айниқса, уларга охирги нуқтани қўйишда аниқлик етишмаяпти. Ўйлайманки, бугун ҳам «Навбаҳор» ўз олдига фақат уч очкони қўлга киритиш учун майдонга тушади. Мухлислари олдида меҳмонлар ҳам ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ўз навбатида «Андижон» жамоаси ҳам ўз уйида минглаб ишқибозлари қаршисида ғалаба учун борини беради. Менимча, бундай пайтда жамоаларнинг имкониятларини 50х50 баҳолай оламан, - дея фикр билдирди, Ҳайдаров.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдусамат Жураев
18/08/2019 15:23
Шамол булмаса дарахт учи кимирламайди Равшан ака эшитикда Навбахорга номзод мурабийлар орасида бор экансиз .. Бугун така мойлов бабани укаси кетади Навбахордан