Равшанбек Умурзоқовнинг чемпионлик жангидаги рақиби маълум бўлди
Хабарингиз бор, профессионал боксчимиз Равшанбек Умурзоқов ўзининг навбатдаги жангини Молдова пойтахти Кишинёв шаҳрида ўтказиши ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур жангда ҳамюртимизга филиппинлик тажрибали боксчи Роберто Гонсалес рақиблик қилади. Бу боксчи профессионал рингда 28 та жанг ўтказиб, шулардан 24 тасида зафар қучган бўлса (17 нокаут), 4 тасида мағлубият аламини тортган.
Боксчилар ушбу тўқнашувда “Asian International Championship” камари учун рингга чиқади. Жанг 13 апрел куни (Тошкент вақти билан 12 апрел) бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ушбу жанг кечасида яна бир боксчимиз Сардор Музаффаров ҳам рингга чиқиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Равшан Умурзоқов етти марта рингга кўтарилиб, уларнинг барчасида зафар қучган (6 нокаут) бўлса, Сардор Музаффаров 5 марта рингга чиқиб, 4 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этган.
Фикрлар