“Реал” футболчилари Арбелоага ишонмай қўйди
Мадриднинг “Реал” жамоаси Ла Лиганинг икки турида ўртамиёна жамоалардан кетма-кет мағлубиятга учраганидан кейин клуб ичидаги муҳитнинг соғломлиги шубҳа остида қолди.
El Larguero нашри маълум қилишича, “Реал” футболчилари бош мураббий Альваро Арбелоага ишонмай қўйган. Жамоа ичидаги фикрга кўра, мавжуд муаммоларни тез фурсатда ҳал қилиш мушкул.
Хусусан, футболчилар Альваро Арбелоани тобора камроқ қўллаб-қувватламоқда ва у яқин келажакда лавозимидан айрилиши мумкин. Омадсиз натижалар силсиласи муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатди.
The Athletic нашрига кўра, Арбелоа келганидан сўнг жамоа руҳияти дастлаб яхшиланган бўлса-да, сўнгги Ла Лига ва Испания кубогидаги мағлубиятлар 43 ёшли мутахассисга бўлган ишончни сусайтирган. Ҳозирча уни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқилмаяпти. Бироқ жамоадаги кескинлик кучайишда давом этса, вазият собиқ мураббий Хаби Алонсо билан бўлган ҳолатни такрорлаши мумкин.
Альваро Арбелоа жорий йил январь ойида “Реал”ни бошқаришни ўз зиммасига олган. Унинг қўл остида жамоа 12 та ўйин ўтказиб, 8 та ғалаба ва 4 та мағлубият қайд этди.
Фикрлар