"Реал Мадрид" кучли рақибларга қарши ўйинларда муаммоларга дуч келмоқда
Яқинда "Реал Мадрид" Чемпионлар лигаси доирасида "Ливерпуль" меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. "Энфилд"даги ушбу натижадан сўнг клуб ичида кучли рақибларга қарши ўйинлардаги муаммолар борасида хавотир ортгани хабар қилинмоқда, дея ёзади "Marca".
Бу тенденция ўтган мавсумда ҳам кузатилган эди. Карло Анчелотти бошқарувида "Реал" кўп ҳолларда юқори даражадаги жамоаларга қарши ўйинларда қийналган. Ҳозирги бош мураббий Хаби Алонсо қўл остида жамоа номига қараганда кучсизроқ рақибларга қарши ишончли ўйин кўрсатмоқда. Бироқ жиддий учрашувларда қийинчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда — бунга сентябрдаги "Атлетико"га қарши 2:5 ҳисобида якунланган дерби ва яқинда Англиядаги мағлубият мисол бўла олади.
Хаби Алонсо жорий йил июнь ойида бош мураббий этиб тайинланган эди. Ҳозирги пайтда "Реал" Ла Лига турнир жадвалида 11 турдан сўнг 30 очко билан биринчи ўринда бормоқда ва яқин таъқибчи "Барселона"дан 5 очкога олдинда.



Комментарии