“Реал Мадрид” мураббийлари «Қироллик клуби» академияси методикаси асосида машғулотлар ўтказишмоқда

Жорий йилнинг 1 июнь кунидан бери “Реал Мадрид” клуби мураббийлари Карлос Альберт, Мануэль Агуадо Хил ва Эктор Висенте Real Madrid Foundation Clinic дастури бўйича юртимиздаги болажонларга ва футбол мураббийларига мастер класслар ўтказишаётгани ҳақида хабарингиз бор. 

Бугун “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган машғулотларда “Қироллик клуби” мутахассислари “Реал Мадрид” академияси методикаси асосида болалар билан иш олиб боришди.

Машғулотларда тўпни майдонда олиб юриш, тўп билан муомала қилиш, майдонда тўғри позиция танлай олиш, югуриш техникаси, стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш каби йўналишларда болалар билан мастер класслар ўтказилди. Шунингдек, испаниялик мутахассислар болалар билан “теннисбол” машғулотини олиб боришди. 

"Реал Мадрид" клуби мураббийлари юртимизда 16 июнь кунига қадар амалий тадбирлар ўтказишади. 

Real Madrid Foundation Clinic дастурининг иккинчи босқичида болажонлар ва футбол мураббийлари учун мастер классларни вилоятларда ўтказиш режалаштирилган.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!