“Реал” ПСЖ юлдузи учун қанча тўлаши аниқ бўлди
Мадриднинг “Реал” клуби анчадан бери ПСЖ ярим ҳимоячиси Витиньяга харидор бўлиб келмоқда. Ҳозирча, мадридликлар португалиялик футболчининг шартномасидаги трансферга оид бандлардан хабардор эмас.
Хусусан, бир неча манбалар Витиньянинг шартномасида 90 миллион евро миқдоридаги бадал пули ҳақида банд борлигини ва уни 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин активлаштириш мумкинлигини ёзганди. “Қироллик клуби” президенти Флорентино Перес бу банд бор-йўқлиги ва унда қанча сумма кўрсатилганидан қатъи назар, ўйинчини олиш учун харажатдан қочмаслигини маълум қилган.
Бу ҳақда Defensa Central нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Витинья шартномасида бадал пули ҳақидаги банд борлиги “Реал” учун принципиал аҳамият касб этади. Чунки Париж клуби мадридликлар билан кескин муносабатга эгалиги учун уларга ўз ўйинчисини тўғридан тўғри сотмайди.
Жорий мавсумда Витинья барча мусобақаларда 23 та ўйинда қатнашиб, бешта гол ва саккизта голли узатмага муаллифлик қилди. Ўйинчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 110 миллион еврони ташкил этади.



Фикрлар