"Реал" ва "Барселона"ни қизиқтираётган "Бавария" футболчисининг "иштаҳаси карнай"!
"Бавария"нинг 23 ёшли чап қанот ҳимоячиси Альфонсо Дэвис унинг хизматига қизиққан ҳар қандай клубдан йилига 20 миллион евро маош сўрамоқчи. Бу ҳақда Германиянинг Sky Sport нашрига асосланиб Sport.es хабар бермоқда.
Манбага кўра, канадалик футболчининг Мюнхен клуби билан 2025 йилнинг ёзида тугайдиган шартномасини узайтириш эҳтимоли жуда паст. Айни дамда Дэвисга "Реал" фаол қизиқиш билдирмоқда, аммо бу рақобатда Мадрид клубига "Барселона" ва "Манчестер Юнайтед" клублари ҳам қаршилик кўрсатиши мумкин. Аввалроқ ҳимоячи “Бавария”нинг йилига 14 миллион евролик таклифини рад этгани маълум бўлган эди.
Жорий мавсумда Дэвис барча мусобақаларда саккизта учрашувда қатнашиб, битта голли узатмани амалга оширди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар имзоланган. Трансфермаркт порталида берилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил қилади.
Фикрлар