"Реал" Винисиусни қанчага сотиши маълум бўлди
Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳужумчи қанот ўйинчиси Винисиус Жуниор бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
The Touchline нашри инсайдер ва журналист Хосе Феликс Диас маълумотларига таяниб хабар беришича, клуб бразилиялик футболчини камида 150 миллион евро эвазига сотиш масаласини муҳокама қилиши мумкин. Манбага кўра, бу вариант Винисиус янги шартнома имзоламаган тақдирда кўриб чиқилади.
Аввалроқ Лондоннинг «Арсенал» клуби Винисиус атрофидаги вазиятни яқиндан кузатаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бразилиялик ҳужумчи 2018 йил ёзидан бери «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Шу вақт ичида у барча мусобақалар доирасида 375 та ўйинда майдонга тушиб, 128 та гол урди ва 100 та голли пас берди.
Футболчининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.

Фикрлар