"Реал"да революция даври бошланди ёхуд "қироллик клуби" олиб бораётган трансфер сиёсати ҳақида гаплашамиз!
Мавсум ўрталарида Карло Анчелоттининг "Реал"ни тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлишни бошлади. Унинг Бразилия терма жамоаси билан оғзаки келишиб олгани ва ёзда "пентакампеонлар" бош мураббийига айланиши мумкинлигини жуда кўплаб нашрлар ёзди. Якунда эса ундай бўлмади. Аксинча, италиялик мутахассис Испанияда фаолиятини давом эттирмоқда. Аммо жамоада клуб мухлислари умуман кутмаган йўқотишлар рўй бермоқда.
Кетаётганлар
"Реал" шу пайтгача 4 та футболчиси билан расман хайрлашди. Азардан ташқари Карим Бензема, Марко Асенсио ва Мариано Диас каби ўйинчиларнинг клуб билан тузилган шартнома муддати ўз ниҳоясига етганди. Бельгиялик вингер яна бир йил жамоада қолиб, кейинги мавсумда кетишни режа қилганди. Раҳбарият эса 31 ёшли футболчи билан бўлган музокаралардан кейин Азарни кетишга рози қилди.
Асенсио амалдаги шартномасини узайтириши мумкин эди. Бироқ 25 ёшли испан бироз кўпроқ маош ва асосий таркибдан жой кераклигини айтди. Бу имконсиз эканлигини сезган Мадрид клуби унга чиқиш эшикларини кўрсатди. Асенсио эса ПСЖни танлади. "Астон Вилла" курашда бор эди, лекин Парижнинг шарт-шароитлари Маркога ёқди.
Шунигдек, жамоадан Мариано ҳам кетмоқда. Энг катта йўқотиш эса барибир Бензема бўлади. У сўнгги йилларда клубнинг ҳақиқий лидери бўлди. Айниқса, ўтган мавсумдаги қаҳрманоликлари ортидан "Олтин тўп"га ҳам эга чиқди. Карим ёмон формада эмасди. Аммо у вақтида кетишни танлади. Захира футболчисига айланиб, кераксиз бўлиб қолганидан кейин кетишдан қўрқди ва шу йўлни танлади. "Қаймоқранглилар"нинг мағлубиятига Бенземанинг йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилади. Бундан ҳужумчи қанчалик таркибнинг муҳим аъзоси эканлигини билиб олсангиз бўлади. 35 ёшли французнинг Саудия Арабистонига ўтаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалишни бошлаган пайтда у қолишига ишора бергандек бўлди. Якунда эса барибир бу қарор қабул қилиб бўлингани маълум бўлмоқда. "Ал-Иттиҳод" тез орада Карим билан шартнома имзолайди. Унинг маоши Роналдуники билан бир хил, яъни йилига 200 миллион евро бўлади. Мазкур футболчилардан ташқари, "Реал"ни яна бир нечта ўйинчилар тарк этади. Булар Одриосола ёки Вальехо бўлиши мумкин. Себальос билан ҳам янги битим тузилмаган. Ярим ҳимоячи ҳали якуний жавобни айтгани йўқ.
Келаётганлар
Маълум бўлишича, "Реал"нинг режалари буткул ўзгариб кетган. Ёзда жамоа фақатгина Беллингем трансфери билан чекланиб қолиши тахмин қилинганди. Бундай йўқотишлардан кейин раҳбарият кунни кун демай ишлаётган бўлса, ажаб эмас. Айни дам таркибда фақатгина иккита ҳужумкор ўйинчилар қолди. Булар Винисиус ва Родриго. Шундай экан "Реал" трансферлар ойнасида 4 та страйкер сотиб олишни режалаштирган.
Энг асосий мақсад Харри Кейнни таркибга қўшиб олишдир. Англиялик ҳужумчининг "Тоттенхэм" билан амалдаги шартномаси 2024 йилда тугайди. Шундай бўлсада, 30 ёшли инглиз ушбу ёзда "шпорлар"ни тарк этишга қарор қилган ва Мадридга боришга рози. Қизиғи, раҳбарият бунга қарши эмас. Шунчаки, иккала тараф келишиб олса бўлгани. "Манчестер Юнайтед" ҳам Кейнни қўлга киритишга уринмоқда. Аммо Леви нафақат "қизил иблислар"га, балки бутун Премьер-лигадаги клубларига рад жавобини берган. Англиялик тадбиркор келажакда Харрини "Тоттенхэм"даги собиқ жамоадошларига қарши ўйнашини истамайди. Унга "Реал" варианти қулай.
"Қироллик клуби" Кейн билан бирга АПЛдан Хаверцни ҳам қўшиб олиб келмоқчи. Анчелотти германиялик футболчининг трансфери тезроқ амалга ошишини истайди. Айни дам Кайнинг агентлари ва "Реал" ўртасида музокаралар бошланган. Фақат "аристократлар" ярим ҳимоячига қиммат нарх белгилаши мумкин. Хаверцга тахминан 50-60 миллион евро ва бонуслар талаб қилиниши мумкин.
"Эспаньол" футболчиси Хоселу ҳам "қаймоқранглилар" радарига тушган. У жамоанинг иккинчи рақамли ҳужумчиси бўлади. Келаси мавсум Браим Диас учун ҳам муҳим бўлади. Сабаби, унга катта имконият берилиши ктуилмоқда. Гарчи "Милан" ҳужумкор ярим ҳимоячини олиб қолишга уринаётган бўлса ҳам "Реал" Браимни ортга қайтармоқчи. Эслатиб ўтамиз, Мадридликлар Роберто Фирмино учун курашдан чиққан. Беллингем трансфери эса аллақачон ҳал бўлган. Тез орада унинг трансфери расман эълон қилинади.
2024 йил...
Келаси йилда ҳам "Реал"ни бир нечта муҳим футболчилар тарк этади. Модрич ва Кроос жиддий йўқотиш бўлади. Шунингдек, Васкеснинг ҳам жамоадан кетиш эҳтимоли мавжуд. Аммо клубда бу футболчиларнинг ўрнини тўлдириш учун ҳозирдан ҳаракат бошланган. Демак, биз яқин келажакда Беллингем - Вальверде - Тчуамени жуфтигини кўрамиз.
Фикрлар