“Реал”га гол урган Яхшибоев қаерда ўйнаши ҳал бўлди!
Европа қитъасида тўп тепаётган футболчиларимиз орасида Жасур Яхшибоев якунланган футбол мавсумининг қаҳрамонларидан бири бўлди.
Асли Польшанинг “Легия” клубига тегишли бўлган легионеримиз мавсумни ижара асосида Молдова чемпиони “Шериф” сафида ўтказди. Тирасполликлар ўз тарихида илк бор Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этгани боис, жамоа бош мураббийи таркибни кучайтириш мақсадида ўзи яхши билавн Жасур Яхшибоевни “Шериф”га қўшиб олганди.
“Шериф” Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида Мадриддаги асосий арена – “Сантьягу Бернабеу” стадионида ўтган учрашувда “Реал”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ҳақиқий шов-шув кўтарди. Ўша кунлари Тибо Куртуа дарвозасига биринчи тўпни киритган Жасурбек Яхшибоевнинг номи тилга тушди.
Жасур “Реал” майдонида гол урган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихда қолди. Шунга қарамай, “Сантьягу Бернабеу”да орттирилган жароҳат легионеримизнинг кейинги фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Жасур жароҳати туфайли кўп ўйинчиларни ўтказиб юборди.
Умумий ҳисобда, Яхшибоева Молдова чемпионати, мамлакат кубоги, Чемпионлар Лигаси, Европа Лигасида жами 12 та учрашув ўтказиб, жами 846 дақиқа ҳаракат қилди холос. Лекин шу вақт мобайнида ўз ҳисобига иккита гол ва учта ассист расмийлаштиришга улгурди.
Жасур Яхшибоев кам ўйнаган бўлса-да, Молдова чемпионлигига сазовор бўлди. Қизиғи шундаги ҳужумкор футболчимиз легионер сифатида учта чемпионатда тўп тепиб, уларнинг барида олтин медалга сазовор бўлди. “Шериф”гача Жасур “Шахтёр-Солигорск” жамоаси билан Беларусь чемпионати ғолиблигини, ундан кейин “Легия” сафида Польша чемпионлигини қўлга киритганди. Ҳар ҳолда ҳавас қиларли натижа.
Шунингдек, 24 ёшли футболчимиз фаолиятидаги илк совринини 2017 йили қўлга киритганини, ўшанда “Пахтакор” сафида Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали билан тақдирланганини эслатиб ўтиш мумкин.
2018 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Жасур Яхшибоев Ўзбекистон терма жамоасининг олтин медалга эга чиқишида катта ҳисса қўшиб, кенг жамоатчилик эътиборига тушди.
“Шериф” бош мураббий Юрий Вернидуб sports.uz мухбири билан суҳбатда Жасур Яхшибоевнинг ижара муддати тугаётгани, футболчининг ўзи Молдовадан кетишга қарор қилгани ва клуб раҳбарияти унинг танловини қабул қилганини таъкидлаганди.
Анчадан бери футболчимиздан хабар бўлмади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Жасур Яхшибоев “Легия”га қайтган.
Бу ҳақда клуб спорт директори Яцек Зелински маълумот берди.
- Жасурбек талабимизга кўра, клубга қайтди. Молдова чемпионати якунлангач, уни қайтариш ҳуқуқи бор эди. Яхшибоев фитнес тестлар топширди. Ҳозир унинг спорт формаси яхши эмас. Жасурбек якка тартибда шуғулланмоқда. Унга индивидуал тарзда мураббий бириктирилган.
Клуб футболчини тезроқ юқори формага олиб чиқиш учун керакли чора-тадбирларни қўллайди. Яхшибоев юқори техника ва яхши дриблингга эга маҳоратли футболчи, - деди Яцек Зелински.
Дарҳақиқат, ўзбек футболчиси ҳужум маркази ва ҳар икки қанотда ҳужумчи сифатида самарали ўйнай олади.
Жасур Яхшибоевнинг “Легия” билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг 30 июнигача давом этади. Варшаваликлар бу ўйинчини олиш учун 2021 йилнинг бошида “Пахтакор”га 300 минг евро тўлагани кўрсатилган. Ҳозирги пайтда transfermarkt портали Яхшибоевнинг трансферини 550 минг еврога баҳоламоқда.
Фикрлар