Тўпурар легионеримиз кучли жамоага ўтадими?
Беларусь чемпионати олий лигасида иккинчи ўринда бораётган “Энергетик-БГУ” муваффақиятларида ўзбек футболи тарбияланувчиларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Ҳужумчи Бобур Абдухолиқов, ярим ҳимоячи Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ва Абдулқодир Ҳусанов чемпионат бошидан бери мунтазам майдонга тушаётган бўлса, энди улар сафига ярим ҳимоячи Аббосбек Жумақулов ҳам қўшилди.
Тўрт нафар легионеримиз ўйнаган учрашувда минсклик “талабалар” рақиб жамоа “Славия” дарвозасига бешта тўп киритганидан хабарингиз бор. Ўша баҳсда ҳар бир ўйинчимиз голли вазиятда иштирок этди. Бобур Абдухолиқов гол ва ассист, Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ва Абдулқодир Ҳусанов биттадан аниқ зарба муаллифи бўлди. Дебютини нишонлаган Аббосбеке Жумақудов пенальти ишлади.
Беларусь чемпионати тўпурарлари баҳсида етакчилик қилаётган Бобур Абдухолиқов интервю бериб, жорий мавсумдаги мақсадлари билан ўртоқлашди.
- “Славия”га қарши ўйин қандай таассурот қолдирди?
- Учрашув аввалида ўйнаш қийинчилик туғдирди. Дастлабки икки голни урганимиздан кейин ишларимиз юришиб кетди.
- Ўйингача рақибдан нималар кутгандингиз?
- Биз “Славия” стандан вазиятлардан кўп гол уришини билардик. Айниқса, аут ва бурчак тўплари хавфли эди. Шу боис, ана шундай вазиятларда рақиб ўйинчиларини ёпишга ҳаракат қилдик.
- Сизнингча ўйин қаҳрамони ким бўлди?
- Агар гап бизнинг жамоамиз ҳақида кетаётган бўлса, ҳамма 100 фоиз меҳнат қилди ва шунинг учун ҳам биз ғалаба қозондик.
- Жамоангиз чемпионатни яхши бошлади. “Энергетик-БГУ” олдига қандай вазифалар қўйилган?
- Ҳа шундай бўлди. Олдимизда чемпионат охирида совриндорлар сафида бўлиш вазифаси турибди.
- Бобур, сиз ҳозир олий лиганинг энг зўр тўпурари бўлиб турибсиз. Ёзги трансферлар вақтида бошқа клублар таклифини кўриб чиқасизми ёки “Энергетик-БГУ”да қолишни танлайсизми?
- Бу ҳақида ҳали ўйлаб кўрмадим. Биринчи давра якунланишига бешта тур бор. Ҳозир бор эътиборимизни олдиндаги ўйинларга қаратганмиз.
Ўтган йили ёздан бери “Энергетик-БГУ” шарафини ҳимоя қилаётган “Насаф” тарбияланувчиси Бобур Абдухолиқов легионер сифатида ўзини ҳар томонлама кўрсатиб келмоқда. Ҳамюртимиз бу мавсумда дастлабки ўнта учрашувда рақиблар дарвозасига ўн битта тўп киритди ва жамоадошларига тўртта голли пас узатди.
Статистика билан шуғулланаётган мутахассисларнинг таъкидлашича, шу пайтга қадар Беларуь олий лигасида фақат уч нафар футболчи дастлабки ўнта турда 10 тадан кўп тўп киритишга муваффақ бўлган. Бу ишни 1995 йилда Пётр Качуро (12 та гол) ва Сергей Яромко (11 та гол), 2007 йилда Геннадий Близнюк (11 та гол) уддалаган.
Бобур Абдухолиқов улар қаторига тўртинчи бўлиб қўшилди.
Шунингдек, тўпурарлик қобилиятини намойиш этиб келаётган Бобур Абдухолиқовга бир неча кучли клублар, хусасан, Туркия чемпионати вакилидан жиддий қизиқиш борлиги айтилмоқда.
Легионерларимиз “ёрворди”: Дебют, ассист ва учта гол!
“Спартак” Ўруновни суҳбатга чорлади. Мақсад аниқ!
Легионеримиз: Мураббий мен билан гаплашмай қўйди!
Фикрлар