“Реал”нинг коронавирусга қарши қуроли
Коронавирус пандемияси футбол жамоаларига мисли кўрилмаган молиявий муаммолар келтирди. Сотилмай қолган чипталар, йиллик абономентлар, клуб ичига ташкил этилмаган саёҳатлар туфайли айниқса, катта клублар азият чекишди. Жумладан, испан грандлари ҳам. Ла Лига грандлари “Барселона” ва “Реал” жамоалари пандемия оқибатида 200 млн евродан кўпроқ маблағ бой берди. Улкан, аммо бўм-бўш стадионда ишлаётган юзлаб ходимларни маош билан таъминлаш, карантин талаблари туфайли юзага келган ноқулайликларни бартараф этиш ўзи шундоқ ҳам оғир шароитда қолган клуб масъулларини хурсанд қилмаслиги аниқ.
Карантин қоидалари кучайтирилиб, мухлисларнинг стадионга киритилиши чекланган бир пайтда, “қаймоқранглилар” ўзларининг муҳташам ўйингоҳларини реконструкция қилиш ишларини бошлаб юборди. Бир қарашда бундай оғир шароитда янги стадион кимга керак?, деган ҳақли савол туғулиши табиий. Бу узоқни ўйлаб қилинган ҳаракат эди. Яъни, ҳозир ҳеч ким футбол кўриш учун стадионга кира олмайди. Демак, ўйинларни “Реал” машғулот базаси – Валдебебасдаги “Альфредо ди Стефано” ўйингоҳида ўтказиш мумкин. Ўз навбатида, мадридликлар ёшлар жамоаси “Кастилья”нинг асосий ўйин майдони ҳисобланган ушбу мўжазгина стадион Ла Лиганинг барча талабларига тўлиқ жавоб беради.
Жорий йил футбол тўхтатилганидан сўнг “Сантьяго Бернабеу”да қизғин реконструкция ишлари бошланди. Аввало, майдон чими олиб ташланди. Чунки майсанинг сифатини таъминлаш бутун қурилиш жамоаси олдидаги устувор вазифа эди. Кейинчалик бино томи ҳамда бир неча секторлар янгиланди. Ҳозир ҳам ушбу ишлар давом этмоқда ва стадион очилиш маросими 2022 йил июнь ойига белгиланган. Лойиҳа ташкилотчиларининг айтишига қараганда, мухлислар стадионга ташриф буюрмаётганлиги сабабли баъзи ишлар режалаштирилганидан 50% гача тезлик билан битмоқда. Ўз навбатида, пандемия бу тарафдан “Реал”га ёрдам бериб юборганлигини таъкидлаш жоиз.
Ўз-ўзидан савол туғилади: “Реал” бу вазиятдан қандай қилиб фойда олади?
Бошқа гранд клублар сингари “Қироллик клуби” ҳам бўш трибуналар билан ўйин ўтказишга мажбур. Бир тарафдан асосий стадион реконструкцияси давом этмоқда. Энг муҳими, қурилиш ишлари мухлислар яна стадионларни тўлдириб ўтирадиган вақтгача тугатилади ва пандемиядан кейинги даврга “Реал” янги стадион билан чиқиб боради. Табиийки, реконструкциядан кейинги “Сантьяго Бернабеу”ни кўриш учун дунёнинг барча нуқталаридан минглаб сайёҳлар ташриф буюради ва бу яна бир бор мадридликлар фойдасига ишлайди.
Солиштириш учун мисол келтирсак, стадион агар одатий ҳолатда реконструкция қилинганида “Реал” 6 000 томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган “Альфредо ди Стефано” майдонида ўйнашига тўғри келар эди. “Бернабеу” эса 80 000 дан ортиқ мухлисга мўлжалланган. Бу ҳар бир ўйинда анчагина чипта камроқ сотилишини билдиради. Ҳозир эса ҳеч ким майдонга мухлисларини киритмаяпти. Демак, улар ҳеч нима йўқотмайди. Маълумот учун, “Реал” ўзи учун омадсиз келган 2018/19 йилги мавсумда чипта сотувлари, абономентлар савдоси, VIP секторлар учун ажратилган чипталар, стадион ичига ташкиллаштириладиган тур-саёҳатлардан 175 млн евро ишлаб топган. Ўша мавсумда “қаймоқранглилар” ўз майдонларида 25 тадан кам ўйин ўтказган эди. Бундан келиб чиқадики, агар ҳаммаси ўз жойига қайтган бир пайтда “Сантьяго Бернабеу”нинг янги қиёфаси мухлислар қаршисида гавдаланса, бу даромад бир неча юз миллионга ортиб кетиши аниқ.
Реконструкциядан кейин стадионда 2 та расмий клуб дўкони, ҳар бир сектор олдида кичик савдо шаҳобчалари бўлади. Томнинг юқори қисмида йил бўйи танаффусларсиз фаолият юритадиган ресторан, туристлар, VIP ва доимий мижозлар учун кўнгилочар жойлар барпо этилади. Шунингдек, стадион ичидан улкан концерт майдони ҳам қурилиши режалаштирилган. Ўз навбатида, бу ҳам “Сантьяго Бернабеу” маъмуриятига фойда келтириши аниқ.
“Реал” нафақат стадион қуришдан фойда кўрди, балки кенг таркиби, иштиёқи баланд футболчилари туфайли ҳам бу мавсум ҳар ҳолда, совринсиз қолмади. Зидан қайтгандаёқ “қаймоқранглилар” эски даражасига кўтарилиши кутилган эди. Бу иш босқичма-босқич амалга ошмоқда. Таркибга истеъдодли футболчилар жалб этилмоқда. Пандемия туфайли юзага келган танаффусдан кейин аксарият клублар таркиб жиҳатидан бироз қийналди. Айниқса, ўйинлар ҳар 3-4 кунда ўтказилганлиги жамоаларга қаттиқ таъсир қилди. Ротацион имкониятлари кўпроқ бўлган Зидан бу вазиятда ҳам “Қироллик клуби”ни боши берк кўчадан олиб чиқа олди. Жамоа президенти Флорентино Перездан ўз вақтида бир неча трансферларни талаб қилган франциялик мутахассис якунда уни хурсанд қилди. Мана шу жиҳатлар орқали “Реал” ўзининг ёрқин келажаги сари дадил илдамламоқда.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар