"Реал"нинг "моторлари" сафга қайтди!

Кеча Испания кубоги 1/16 финал босқичи доирасида “Алькояно” устидан 3:1 ҳисобида зафар қучган “Реал” бугундан чемпионатнинг 20-туридан ўрин олган “Валенсия”га қарши ўйинга тайёргарликни бошлади.

Бугунги машғулотларда жамоанинг бирданига тўртта асосий таркиб ўйинчиси умумий гуруҳга қайтди. Булар: коронавирусга чалинган Винисиус Жуниор ва енгил жароҳат олган Карим Бензема, шунингдек, Лука Модрич ва Ферлан Менди.

Олдинроқ “Қироллик клуби” бош мураббийи Карло Анчелотти ушбу футболчилар 8 январь, шанба куни бўлиб ўтадиган "Валенсия" билан ўйинга тайёр бўлишларини тасдиқлаганди. Учрашув 01:00 (Тошкент вақти билан)да бошланиши режалаштирилган.

Айни дамда Гарет Бэйл, Мариано Диас ва Дани Карвахаль "қаймоқранглилар" лазаретида қолмоқда. Улар тахминларга кўра, 12 январь куни Испания Суперкубоги ярим финали доирасида бўлиб ўтадиган "Барселона"га қарши ўйингача сафга қайтиши кутилмоқда. Лука Йовичда эса ҳамон коронавирус тести мусбат чиқмоқда ва шу сабабли у карантинда қолмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!