“Реал”нинг собиқ футболчиси Испаниядан кетмоқчи эмас

"Реал"нинг собиқ ҳимоячиси Марсело Мадрид клубини тарк этганини эълон қилгач, фаолиятини Испанияда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. “Mundo Deportivo” нашри хабарига кўра, бразилиялик футболчи ўзини ҳамон юқори савияда ўйнашга қодир, деб ҳисоблайди ва ўғли "Реал" академиясида ўйнаётгани сабабли Пиреней ярим оролида қолишни режалаштирмоқда.

Манба берган хабарга кўра, 34 ёшли футболчида учта вариант бор: “Вальядолид”, “Хетафе” ва “Райо Вальекано”. Ҳимоячи айни дамда мазкур клубларнинг таклифини ўрганиб чиқмоқда.

Марсело мадридликлар сафида 545 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол ва 103 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Бразилиялик футболчи 2007 йилдан 2022 йилгача "Реал" сафида тўп тепган. У клуб таркибида олти марта Испания чемпиони, беш марта Испания Суперкубоги ва Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Шунингдек, уч марта УEФА Суперкубоги ва икки марта Испания кубогини ва тўрт марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати кубогини қўлга киритган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!