Рекордлар ва тарихий натижаларга бой ўтган Жаҳон кубоги халқаро ОАВ эътирофига сазовор бўлди!

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

8–10-октябр кунлари Тошкент илк бор сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичига мезбонлик қилди. Пойтахтимизда ташкил этилган нуфузли мусобақада дунёнинг 40 мамлакатидан 230 нафар спортчи иштирок этди. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари, шунингдек, жаҳон рекордчилари борлиги беллашувларнинг юқори савияда ва кескин рақобат остида ўтишини таъминлади.

Уч кун давомида дунёнинг кучли сузувчилари бир қатор йўналишларда ўз маҳоратини намойиш этиб, томошабинларга муросасиз баҳслар ва унутилмас лаҳзаларни тақдим этди. Мусобақа нафақат иштирокчиларнинг спорт натижалари, балки Ўзбекистоннинг халқаро сузиш ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлаш нуқтайи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Иля Сибирсев 800 метрга эркин усулда сузиш баҳсида бронза медалини қўлга киритиб, мамлакатимиз ҳисобига яна бир халқаро совринни қўшди. Маҳаллий спортчилар учун дунёнинг энг кучли сузувчилари билан бир майдонда рақобатлашиш катта тажриба ва ўз имкониятларини намойиш этиш учун муҳим имконият бўлди.

Тошкентдаги мусобақа рекорд натижалари билан ҳам тарихда қолди. Эркаклар ўртасида 50 метрга чалқанча ва баттерфляй усулларида сузиш бўйича жаҳон рекордлари янгиланди. Бундан ташқари, Жаҳон кубогининг учта, Европанинг учта ва Африканинг иккита рекорди қайд этилди. Ўзбекистон сузувчилари ҳам ўз натижаларини яхшилаб, еттита дастурда миллий рекордларни янгилашга муваффақ бўлди.

Мазкур кўрсаткичлар мусобақанинг юқори спорт даражасида ўтганини, унда нафақат халқаро юлдузлар, балки ўзбекистонлик сузувчилар ҳам муносиб иштирок этганини кўрсатади. Рекордлар ва совринлар билан бойиган уч кунлик беллашувлар Тошкентнинг йирик халқаро спорт тадбирларини қабул қилиш салоҳиятини яна бир бор намоён этди.

Мусобақанинг ташкил этилиши ва халқаро аҳамияти хорижий спорт нашрларининг ҳам эътиборини тортди. Жумладан, Қатарнинг “al-kas.com нашри, халқаро спорт ахборот портали Inside the Games, Франциянинг Francs Jeux нашри ҳамда Буюк Британиянинг Sports Insight платформасида Тошкентдаги Жаҳон кубоги ҳақида материаллар эълон қилинди.

Хорижий ОАВ эътибори Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги фаоллиги ортиб бораётгани, мамлакатимизнинг йирик мусобақаларни ташкил этиш борасидаги тажрибаси ва имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатувчи муҳим омиллардан биридир.
Тошкентда илк бор ўтказилган сузиш бўйича Жаҳон кубоги мамлакатимиз спорт тарихида янги саҳифа очди. Мусобақа давомида қайд этилган жаҳон ва қитъа рекордлари, ўзбекистонлик спортчиларнинг натижалари ҳамда халқаро нашрларнинг эътибори ушбу тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!