Репетиция тугади, ҳамма катта саҳнага ёхуд янги футбол мавсумини соғиндингизми?
Одатда юртимизда март ойи бошланиши биланоқ баҳор фасли ҳам кириб келиши фонида янги футбол мавсуми ҳам эшик қоқиб келади. Шунинг учун футбол мухлислари февраль ойидан кейин март бошланиши биланоқ ўзи билан футбол баҳорини олиб келганини ёқимли тарзда ҳис қиладилар.
Бугун 1 март. Ўзбекистон мезбонлигида U-20 Осиё чемпионатига старт берилади. Айнан бугун терма жамоамиз Сурияга қарши майдонга тушади. 3 март санасидан эса Суперлига карвони йўлга тушади. Ишонч билан айта оламизки, ҳозирда ашаддий мухлислар кўтаринки кайфиятдалар. Катта футболни соғинганлар эса таъбир жоиз бўлса кун санаб ўтирибдилар.
Барибир биринчи навбатдаги эътиборимиз терма жамоамизга қаратилади. Чунки ўзимиз мезбонлик қилаётган Осиё чемпионатига қизиқиш катта. Ахир ўртага мундиал чиптаси тикилган. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиздан Индонезияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишига ишонч билдирамиз. Боиси, барча ҳаракатлар шунга қаратилган. Вакилларимиз ушбу қитъа биринчилигига анча вақт тайёргарлик кўрди. Кўплаб ўртоқлик ўйинларида иштирок этилди. Бу орада таркиб шакллантирилди. Бу ёғи энди сарлавҳадаги гап: репетиция тугади, ҳамма катта саҳнага! Яъни, терма жамоамиз тайёргарликни тугатиб, энди расмий учрашувларда ўзини кўрсатиш фурсати келди. Бош мураббий Равшан Ҳайдаров ҳам мақсад ҳақида аниқ ва дангал гапириб ўтди.
Бу ёқда эса Суперлига ҳам кутиб турибди. Март ойида мамлакатимизда футбол баҳори эсиб юради. Клубларимиз ҳам 2,5 ой давомида янги мавсум учун астойдил тайёргарлик олиб бордилар. Ҳаттоки, январь ва февраль ойларидаги йиғинни Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказганлар ҳам бўлди. Яхши билсангиз керак, Суперлиганинг 14 та клубидан нақд 13 таси Анталияга бориб келди. Биргина “Металлург” қолди ва тайёргарликни ўзимизда давом эттирди. Бир қатор жамоалар икки босқичли хориж йиғинларини ташкиллаштирдилар. Шунга яраша раҳбарият ва мухлислар жамоадан натижа кутади, бу шубҳасиз.
Очиғи, 2023 йил жуда ва жуда қизиқарли ва интригаларга бой ўтиши кутиляпти. Бундай пайтда биринчи навбатда чемпионлик учун курашадиган клублар тилга олинади. “Пахтакор” доимгидек чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун курашади. “Навбаҳор” эса бу йил ниҳоят “Пахтакор”дан чемпионликни тортиб олиш учун яна бир бор қаттиқ курашиб кўради. Куни кеча Остон Ўруновнинг Sports.uz сайтига берган интервьюсида “Навбаҳор” билан чемпион бўламиз, бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ, дея дадил гап айтди. Бу борада “Навбаҳор” доим алоҳида мавзу бўлиб келган. Бир сўз билан айтганда, наманганликлар шубҳасиз чемпионат фаворитларидан бири ва табиийки, бу рўйхатда “Насаф” ҳам бор. Бу томонда Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни ҳам унутиб қўймаслик керак.
Янги мавсумда сюрприз кўрсатадиган клублар бўладими? Бизнингча ҳа. Рости, бошқа жамоалар тенг кучли ва тенг савияли. Шуни назарда тутадиган бўлсак, ҳар қандай клубдан сюрприз кутишимиз мумкин. Дарвоқе, ҳозирча аутсайдерлар хусусида фикр билдиришдан тийилиб турамиз. Чунки мавсум арафасида дарров Суперлигада қолиш учун курашадиган клубларни муҳокама қилсак, бу уларга нисбатан ҳурматсизлик бўлади ва подадан олдин чанг чиқармасликни лозим топдик. Балки ўша сиз билан биз назарда тутган клуб акс натижалар кўрсатиб, ҳаммани ҳайрон қолдириши ҳам ҳеч гап эмас. Шу сабабли келинг, чемпионат старти аввалида ҳеч ким ҳақида салбий ёки ишончсизлик руҳидаги фикрларни айтмай турамиз.
Яна бир бор сарлавҳадаги сўзларни қўллаймиз: репетиция тугади, ҳамма катта саҳнага! Бу бежизга айтилмайди. Клубларимиз қишда тайёргарлик кўришди ва буни репетицияга қиёсласак ўринли. Вақт келди ва ана энди ҳамма катта саҳнага. Барча тушуниб тургандек, катта саҳна бу футбол майдони. Актёрлар (футболчилар) эса томошабинлар меҳрини қозониш учун бор маҳоратини ишга солишади.
Умид қиламизки, сиз билан бизни олдинда турган катта футбол мавсумида бир-биридан қизиқарли ва ажойиб саргузаштлар кутмоқда.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар