«Ривер Плейт» дарвозабон ва захира футболчиларисиз «мўъжиза» кўрсатди! Бунақаси футбол оламида камдан-кам содир бўлади!

Еврофутбол COVID-19 билан жангда бирин-кетин ғалаба қозонмоқда. Барча мусобақалар давом этибгина қолмай, секин-аста мухлислар аренага қайтишни бошлади. Сайёрамизнинг бошқа минтақасида эса, вазият анча оғир. Шу боис, карантин режим ҳали якунлангани йўқ.

ЕЧЛнинг Жанубий Америкадаги аналоги - Либертадорес кубоги ҳақида эшитгансиз. Ҳозир мусобақа вирусга қарши жанг олиб бормоқда. Афсуски, эҳтиёт чоралари кўрилган бўлса-да, вазият қитъада яхшилангани йўқ. Ҳозир турнирнинг гуруҳ ўйинлари авжида. 32 клуб 8 квартетга бўлинган. Биринчи ва иккинчи ўрин эгалари плей-офф йўлланмасига эга чиқади. 3-ўринни эгаллаган клуб Европа Лигасининг аналоги - Судамериканига равона бўлади. Менимча, тасаввурга эга бўлдингиз. Шундайми?
Биз эътиборингизни «Д» гуруҳдаги вазиятга қаратмоқчимиз. 4 турдан сўнг, Бразилиянинг "Флуминенсе" клуби 8 очко билан етакчи эди. Ундан кейинги ўриндаги «Ривер Плейт»да 6 балл мавжуд. Сўнгги ўринларни Колумбиянинг «Хуниор» (3) ва «Санта Фе» (2) жамоалари эгаллаб турибди. 5-тур кейинги босқичга ким чиқишини аниқлаб бериши керак эди. Колумбия клублари воқеалар ривожини ўз фойдасига ҳал этиш мақсадида Бразилия ва Аргентина етакчилари билан тўқнаш келди.
«Хуниор» сенсанцияни амалга оширди. Улар меҳмонда Бразилия грандини таслим этди. «Санта Фе» эса, Буэнос-Айресда шарманда бўлди. Жуда ёмон аҳволга тушиб қолган «Ривер»ни ғалаба қозонишини ҳеч ким кутмаган эди...

 Қайднома

«Санта Фе» билан тўқнашув олдидан «миллионерлар» мураккаб вазиятга тушиб қолди. КОВИД-19 сабабли асосий таркибнинг 20 футболчиси карантинга олинди. Улар орасида клуб рўйхатдан ўтказган 4 дарвозабон ҳам бор! Учрашув олдидан футболчилар топширган тестнинг ижобий чиққани сабабли клуб киперсиз қолиб кетди. Натижада, Марсело Гальярдо қўлида атиги 10 та вирус юқмаган футболчи қолди. Уларнинг 4 таси ҳали дебют учрашувини ўтказмаган ёшлар эканлигини ҳисобга олсак, мураббий нималарни хаёл қилганини тасаввур қилиш мумкин. Аргентина клуби КОНМEБОЛга мурожаат билан чиқди. Рўйхатдан ўтказилмаган 18 ёшли дарвозабон билан майдонга тушиш борасида юборилган илтимоснома рад этилди.

плееейт

Кульминация!

 Мураббий қўлида қолган 10 футболчи билан «жанг»га чиқишга қарор қилди. Дарвозабон борасида узоқ ўйлаб ўтирилгани йўқ. Тиззасидан олган жароҳати ҳали тўлиқ битмаган бўлса-да, топширган тести манфий чиққан Энсо Пересга қўлқоплар топширилди. Машғулотлардан озод қилинган футболчи клубга оғир вазиятда ёрдам бериш мақсадида таваккалга қўл урди. Ўйин қайдномаси кўпчиликни ҳайрон қолдирди. «Ривер» матчга бирорта захира футболчисиз етиб келди. Дарвозабон йўқ, захирада ҳеч ким йўқ, ва 4 дебютант футболчи! Яна Либертадорес кубогининг ҳал қилувчи 5-тур баҳси!

Рақиб эса, бу баҳсга «тиш-тирноғигача» қуролланиб ташриф буюрди. Жамоа футболчиларининг бирортасида коронавирус аниқланмади. Колумбия клуби иложсиз аҳволда қолган «Ривер»ни ўз уйида янчиб ташлаши тахмин қилинган бўлса-да, Гальярдо шогирдлари кутилмаганда «жанг»га кирди. Матч стартида «миллионерлар» 2 гол киритишни уддалади. Бу эса, якунда ғалабанинг калити вазифасини ўтаб берди. Кадрлар билан муаммога дуч келган аргентиналиклар 2:1 натижасида ғалаба қозонди.

Воқеа қаҳрамони

Сўзсиз - Энсо Перес! Ўша куни у «Олтин тўп»га лойиқ жасорат кўрсатди. Ярим ҳимоячини таниган бўлсангиз керак. Ўз вақтида «Бенфика» ва «Валенсия» сингари клубларда тўп сурган, Аргентина термаси билан 2014 йил финалга қадар етиб борган. Ҳозир у 35 ёшда. 2017 йилдан бери «Ривер Плейт» шарафини ҳимоя қилади. Ваҳоланки, ҳали-ҳамон Европа клубларидан таклифлар олади. Яқинда, Туркия грандларига рад жавобини бергани сўзимизга исбот бўлиши мумкин.

Катта эҳтимол билан «Санта Фе»га қарши баҳс, унинг фаолиятида бурилиш ясади. Доимо, иккинчи планда қолиб кетадиган йигит 90 дақиқа барчанинг эътибор марказида бўлди. Баҳс давомида 4 сейв амалга оширибгина қолмай, тўп учун чиқишда бехато ўйнади.

Тўғри, ўйинни томоша қилгач, унинг профессионал дарвозабон эмаслигини дарров пайқайсиз, бироқ натижа тарихда қолади. Баҳс якунлангач, у ўйиннинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Флэш-интервьюда эса, камтарин эканлигини кўрсатди:

«Осон бўлгани йўқ. Баъзида дарвозани йўқотиб қўйдим. Кейин, 11 метрлик нуқтани мўлжал қилиб олдим. Тўғри, ўйиндан олдин дарвозабон сифатида бир нечта машғулотларда ишладим, лекин ўйин умуман бошқача экан. Боз устига, жароҳатим ҳали тўлиқ тузалгани йўқ. Шу боис, майдонда жамоага ёрдам бера олмадим. Дарвозада эса, тиззамдаги оғриқ муаммо туғдирмади. Клубга ёрдам берганимдан хурсандман!»

Якун

Тўғриси, «Ривер» амалга оширган иш ҳар қандай футбол жамоаси учун ўрнак бўлади. Бу қуруқ қўл билан Эверест чўққисига чиқишдек гап. Футбол мўъжизаларга бой эканлигини яна бир бор исботлади. Марсело Гальярдо шогирдлари дарвозабонсиз, етакчиларсиз, марказий ҳимоячиларсиз ҳам клублар миқёсидаги (ЕЧЛдан кейинги ўринда) улкан турнирнинг ҳал қилувчи учрашувида 3 очко ишлаб олди. Рақиб 90 дақиқа ичида 5 ўзгаришни амалга оширгани ҳам «миллионерлар»ни руҳан синдиргани йўқ. Ғалаба аргентиналикларга гуруҳда биринчи ўринга кўтарилиш имконини яратди. Мухлислар эса, футбол жозибали спорт тури эканлигига яна бир бор амин бўлди!

плейт

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!