Робиньонинг ўғли Неймардан калтак еганидан кейин “Сантос”га муаммо қиляпти
Машҳур бразилиялик футболчи Робиньонинг ўғли жамоа машғулоти вақтида Неймар уни юзига ургани сабабли “Сантос” билан шартномани бекор қилиши кутлмоқда.
18 ёшли футболчи машғулотдаги ҳолат сабаб “Сантос” раҳбариятига расмий шикоят юборди.
3 май куни “Палмейрас”га қарши ўйин учун қайдномага киритилмаган ўйинчилар учун машғулот ўтказилди. 34 ёшли Неймар 18 ёшли футболчи уни алдаб ўтганидан норози бўлди ва буни ҳурматсизлик деб ҳисоблаб, “тинчроқ ўйнашни” сўради.
Тажрибали юлдузнинг эътирозидан сўнг улар ўртасида баҳс келиб чиқди, унинг давомида жанжал юз берди. Хабар қилинишича, Неймар ёш футболчини юзига урган. Кейинроқ Неймар Робиньога чалди, натижада у ерга йиқилди.
Globo маълумотига кўра, кичик Робиньо Неймарга нисбатан учта айблов қўймоқда ва клуб билан “хавфсизликнинг энг кам шартлари йўқлиги” сабаб шартномани бекор қилиш масаласини муҳокама қилиш учун учрашув талаб қилмоқда.
Робиньонинг ўғли сўзларига кўра, Неймар “ҳақоратли сўзлар айтган”, уни “атайин чалиб йиқитган” ва “юзига қаттиқ зарба берган”.
Кичик Робиньо манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассислар “Сантос”дан 48 соат ичида тўртта чора кўришни талаб қилмоқда. Булар: содир бўлган ҳолатни аниқлаш учун ички текширув бошлаш; машғулотдан фотосуратларни тақдим этиш; кўрилган чоралар бўйича клуб баёнотини бериш; эҳтимолий ишдан бўшатишни муҳокама қилиш учун учрашув тайинлаш.
“Сантос” талабларни бажармаса, бу “шартномавий ишончни бузиш” ва “иш жойида хавфсизликни таъминлаш мажбуриятларини бузиш” деб баҳоланади, бу ҳатто билвосита шартномани бекор қилишга олиб келиши мумкин.
Шартномани бекор қилишдан ташқари, маънавий ва моддий зарар учун товон талаблари ҳам кун тартибида турибди.

Фикрлар