"Roland Garros". Бир куннинг ўзида 2 та сенсация қайд этилди
"Roland Garros" турнирининг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам кучлилар номи тобора аниқлашиб бормоқда. Асосий баҳсларнинг навбатдаги кунида бир қатор кутилмаган натижалар қайд этилди.
Мусобақанинг 4-тартиб рақам остида сараланган теннисчиси София Кенин 4-босқич масаласини жуда осон ҳал қилди. Руминиялик Ирина Барани мағлубиятга учратган америкалик спортчи 6:2, 6:0 ҳисобларини қайд этди. Қизиқарли тарафи, ушбу учрашувда ҳар икки спортчи ҳам бирорта эйс ижро эта олмади.
Чехиялик Петра Квитова ишончли ҳисобда ғалабага эришган ҳолда, ушбу босқичдан муваффақиятли ўтиб олди. Канадалик Лейла Анни Фернандесга қарши кортга чиққан Квитова биринчи сетда бироз қийналганини эътироф этиш жоиз. Аммо иккинчи сетни нисбатан хотиржамлик билан ютиб олган чехиялик теннис маликаси турнирдаги юришини давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди. Якуний ҳисоб: 7:5, 6:3.
8-тартиб рақам остида сараланган беларусь вакиласи Арина Соболенко кутилмаганда "Roland Garros"ни тарк этди. Қолган теннисчиларга қараганда каттароқ қийинчиликка дуч келган Арина тунислик Унс Жабир қаршилигини синдира олмади. Рейтингда юқори поғонада турувчи рақибини 3 сетда, 7:6 (9:7), 2:6, 6:3 ҳисобида мағлуб этган тунислик спортчи 4-босқичга йўл олди.
Куннинг яна бир сенсацион натижаси германиялик Лауре Зигемунд ҳамда хорватиялик Петра Мартич ўртасида кечган баҳсда қайд этилди. Унда яна бир сараланган ракетка устаси Петра Мартич 3 сетда имкониятни бой берди. Якуний ҳисоб: 6:7 (5:7), 6:3, 6:0.
Фикрлар