Роналду фаолиятини якунлаган Варан ҳақида гапирди
“Ан-Наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду “Реал”даги собиқ жамоадоши Рафаэль Варан футболчилик фаолиятини якунлаганига муносабат билдирди.
“Ажойиб фаолият, футбол афсонаси! Табриклайман, ука! Тез орада кўришамиз деб умид қиламан”, - дея ёзди Роналду Вараннинг ижтимоий тармоқдаги пости остидаги изоҳларда.
Эслатиб ўтамиз, 31 ёшли Вараннинг сўнгги иш жойи Италиянинг "Комо" клуби бўлиб, у ушбу жамоага эркин агент сифатида келган. Жаҳон чемпиони Италия жамоасидаги илк учрашувида жиддий жароҳат олди ва мавсум охиригача сафдан чиқди.
Кейинроқ “Комо” Варанни А Серия рўйхатидан чиқариб ташлагани маълум бўлди. Таъкидлаш керакки, франциялик футболчи ушбу жамоа сафида атиги 23 дақиқа ўйнади.
Варан фаолияти давомида “Реал” ва “Манчестер Юнайтед” каби машҳур жамоалар ҳамда Франция терма жамоасида тўп сурган. У 2018 йилда Франция терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионига айланди. "Реал" билан эса 4 марта УЕФА Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган.
Фикрлар