Роналду менга мухлислик қилган бўларди! "Қизилқум"нинг африкалик "топилма"си Маккартни Тевин Навесиб билан суҳбат

Ўзбекистонга футбол қайтмоқда. Мамлакатимиз футбол жамоалари ҳам қайта тикланаётган чемпионат ўйинларини ўтказиш учун тайёргарлик ишларини давом эттирмоқда. Бу йилги Суперлига баҳсларида мухлису мутахассислар эътиборига тушган легионерлар орасида африкалик Маккартни Тевин Навесиб ҳам бор.

Sports.uz жамоатчи мухбири юртимизга келган биринчи намибиялик футболчи билан суҳбатлашди. Маккартни Намибия терма жамоаси аъзоси ва сардори ҳисобланади. 

- Ўзбекистон футболи ҳақидаги илк таассуротингиз қандай?

- Бу ерда барчаси буткул ўзгача. Футбол профессионал даражада ривожланган. Майдонлар, футбол мутасаддилари, мухлислар - ҳаммаси ўзига жалб этади.

- Биламизки, сиз жамоага Туркиядаги ўқув-машғулот йиғини давомида қўшилгансиз. Шу ҳақида гапириб берсангиз.

- Туркияда шахсан мен учун жуда қийин бўлди, ҳақиқий синовли кунлар эди. Мен доим асабий юрар эдим, чунки клубга ўзимни нималарга қодирлигимни исботлашим лозим эди. Бахтимга бошқа футболчилар мени қўллаб-қувватлашди, ўзим ҳам астойдил ҳаракат қилдим. Бу мен учун муҳим эди. Бошидан мен жамоага тез киришиб кетдим.

- Африкадан келиб Осиёда футбол ўйнаш сиз учун ноқулай эмасми?

-Футбол шароит танламайди. Мен учун ҳаммаси жойида. Бу ер ўз ватанимни эслатиб юборяпти, доим қуёш кулиб боқади.

- "Қизилқум" жамоасига ўтишингиздан олдин клуб ҳақида нималарни билар эдингиз?

- Тўғрисини айтсам, мен ўзбек футболи ҳақида ҳеч нарсани билмас эдим. Агентим билан гаплашганимдан сўнг, у менга футболи ривожланиб бораётган Ўзбекистон клубидан таклиф борлигини айтди. Кейин эса, мен ушбу жамоанинг ўйинларини синчковлик билан кузатдим ва бу клубга қўшилишга рози бўлдим.

- Янги клубингиз ҳақида нималар дея оласиз, дастлабки ҳис-туйғулар қандай?

- Жамоа мен кутганимдан ҳам аъло экан. Ташкилий ишлар биринчи ўринда, профессионал мураббийлар, малакали шифокорлар, 90 дақиқа тиним билмайдиган мухлислар - буларнинг барчаси мен учун жуда ёқимли бўлди.

- Ўтган турлар давомида сиз Ўзбекистоннинг баъзи жамоалари потенциалига гувоҳ бўлдингиз. Ўзбекистон чемпионатида ўзингизни кўрсата оласизми, бунда нимага таянасиз?

 - Биз африкаликлар жисмоний кучимиз ва тезлигимизга таянган ҳолда ҳаракат қиламиз. Мураббийлар барча учрашувларда рақибга қараб тактика қўллайди, лекин кўпинча жамоа менинг тезлигимга ишониб йўл тутади. Бу менинг ютуғим, деб биламан.

- Сизни Ўзбекистонга йўл олишингизни эшитган оила аъзоларингиз нима деди?

- Очиғи, улар жуда ҳам хурсанд бўлишди, чунки улар менинг келажагим яхши давлатда қурилиши тарафдори эдилар.

- Ҳали топ клуб бўлишга улгурмаган жамоада тўп суриш сизга қандай таъсир қилади?

-Мен бу ерда чинакамига бахтлиман. Биз ҳали шу даражага эришамиз, фақат бунинг учун озгина вақт ҳамда меҳнат талаб қилинади.

- Кумирингиз ким?

- Кумирим - Роналду. Чунки у жуда ҳам кўп меҳнат қилади. Мен учун у энг зўр ўйинчи.

- Агар сизда танлаш имкони бўлганида, Роналду билан бир жамоада ўйнаб, доим иккинчи планда бўлишни маъқул кўрармидингиз ёки бирор бошқа клубнинг ҳақиқий етакчиси бўлишни танлармидингиз?

- Бошқа клуб етакчиси бўлиб, кўплаб шахсий совринлар ютишни танлардим. Кейин эса Роналдунинг ўзи менга мухлислик қилган бўларди.

- Жаҳон футболида ирқчилик муаммоси кўтарилмоқа. Сиз бу ерда ўзбекона меҳмондўстлик ва  бағрикенгликни ҳис қиляпсизми?

- Ўзбекистонда барча бирдек меҳрибон. Одам ажратишганини сезмадим. Ўзбек халқи жуда самимий ва меҳмондўст эканига кўп бор амин бўлдим. Менга ўзбекларнинг ҳаёт тарзи ёқди.

-Келажакдаги режа ва мақсадларингиз?

-Ҳозирча орзу ва мақсадим битта - "Қизилқум" билан иложи борича яхши натижа қайд этиш ва мухлисларимизни xурсанд қилиш.

- Маккартни, ажойиб суҳбат учун раҳмат. Фаолиятингиз янада порлоқ кечишини тилаб қоламан.

                                                                                                     Миржалол Темиров суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!