Роналду собиқ жамоаси тахтга қайтди! Улар босиб ўтган йўл сизни ҳайрон қолдиради!
SPORTS.uz «Спортинг»ни Португалия чемпионлиги билан табриклайди! Эътиборлиси шундаки, «шерлар» узоқ йиллик танаффусдан сўнг, яна чемпионликни нишонлади. Энди эса, рекорд ўрнатиш учун илдам одимламоқда.
2002 йил. Жардел бошчилигидаги клуб чемпион!
Ансу Фати ҳали дунёга келмаган бир пайтлар «Спортинг» ўз чемпионлигини нишонлаган эди. Ўша мавсум бразилиялик ҳужумчи - Жардел 42 гол уриб, «Олтин бутса»ни ўзиники қилган эди. «Олтин тўп»ни Роналдо 2002 йилдаги мундиалдан сўнг, қабул қилиб олган бир пайтда, «Спортинг» футболчиси Европани ўзи ҳақида фикр билдиришга мажбур қилгани таҳсинга сазовор. ЕЧЛда «Реал» «Байер»ни таслим этиб, бош совринга эга чиқади.
Ўша йили бирорта ижтимоий тармоқ ҳали яратилмаган эди. Фақат 2004 йилга келиб, "Facebook"га асос солинади. Россияда чемпионликни «Локомотив» қўлга киритган бўлса, ўзимизда «Пахтакор»га тенг келадиган жамоа топилмаган. Англияда «Арсенал», Испанияда «Валенсия» ички биринчиликда ғолиб чиқади. Бутун дунё кинотеатрларида Гарри Поттернинг иккинчи фильмини томоша қилаётган пайтлар. Оскар мукофоти «Ақл ўйини» фильмига топширилган бўлиб, Шакира поп мусиқа оламини забт этишни бошлаган давр.
Юқорида зикр қилинган воқеаларни ёдга олар эканмиз, «Спортинг» неча йиллик танаффусдан кейин тахтга қайтгани маълум бўлади.
2018 йил. Футболчилар мухлисларни калтаклади
«Шерлар» иккинчи ўринни эгаллаш билан банд бўлган пайтда, «Порту» 11 бор, «Бенфика» 7 марта олтин медалларга эга чиқди. Тажрибали Жорже Жезуснинг «Спортинг» билан шартнома имзолагани ҳам наф келтирмади. Мураббий қўл остида клуб «Бенфика» билан тўқнашувда ғалаба қозона олмади. Бундан «Порту» унумли фойдаланиб кетди. Дуранг сабабли «шерлар» Бенфикани иккинчи ўринга ўтказиб юборди. Натижада жамоа ЕЧЛ йўлланмасини ҳам қўлдан чиқарди.
Чемпионлик сўнгги турларда қўлдан чиқиб кетгач, футболчилар ғазаб билан мухлислар шаънига кескин сўзларни айтиб юборди. Жамоа ўз уйида «Мартиму»га мағлуб бўлгач, мухлислар дарвозабон - Руи Патрисиуга ва Вильям Карвальюга машиналар турар жойида ҳужум уюштирди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган вакиллари ишга аралашиб, вазиятни бартараф этди. Эртаси куни чинакам фуқаролар уруши бошланди. 50 дан ортиқ мухлис жамоа базасига ҳужум уюштирди. Футболчилардан тортиб, бош мураббийга қадар калтакланди.
2 ой ўтгач, жамоа президенти жанжалларни ташкил этишда гумон қилинди. Суд бошланди, лекин ҳеч ким президентни айбини исботлай олгани йўқ. Ҳужум қилганларнинг 5 таси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бўлиб ўтган воқеадан сўнг, етакчи футболчилар турли клубларга равона бўлди. Бас Дост Бундеслигага кетди. Желсон ва Андре Силва «Монако» билан шартнома имзолади. Вильям Карвалью Ла Лига сари йўл олди. Соддароқ қилиб айтганда, 2 йил ичида «Спортинг»ни 27 футболчи тарк этди.
2020 йил. Фернандешнинг кетиши халал бермади!
«Спортинг» қанчалар истамасин, Бруну Фернандешни жамоада олиб қолишни уддалай олмади. Ярим ҳимоячи «Манчестер Юнайтед»дан келиб тушган таклифни қабул қилди. Омадсиз мавсумлардан сўнг, раҳбарият 35 ёшли Рубен Аморимни бош мураббий этиб тайинлади. Ваҳоланки, Аморим 9 мавсум «Бенфика» шарафини ҳимоя қилган, бундан аввалги иш ўрни «Порту» жамоасида эди. Шунга қарамай, таваккал қарор ўзини оқлади.
«Брага»га мураббий учун «Спортинг» 10 миллион евро тўлагани маълум бўлгач, мухлислар яна тўполон қилишни бошлади. Улар тажрибасиз мутахассисни «Порту» ва «Бенфика»дек гранлар билан кураш олиб боришига кўзи етмайди, деб ўйлагани рост. Рубен эса, бу пайтда янги «Спортинг» ҳақида бош қотиришни бошлаб юборган эди.
2021 йил. Рекордга қадар икки ўйин қолди
Португалия чемпионатида янги қирол номи аниқ бўлди. «Спортинг» 25 ғалаба ва 7 дуранг билан мутлақ етакчи, турнир якунланишига 2 ўйин қолди. Агар жамоа «Бенфика» ва «Мартиму» билан баҳсда мағлуб бўлмаса, янги форматдаги чемпионат тарихида мағлубиятсиз мавсум ўтказган илк клубга айланади. «Бенфика» ва «Порту» шу кунга қадар ҳеч кимга таслим бўлмай, олтин медалларга эга чиқмаган.
Португалия чемпионатида сўнгги бор енгилмас клуб номини «Бенфика» ўзиники қилган эди. 1973 йилда «бургутлар» 30 учрашувнинг 28 тасида ғалаба қозонган (2 дуранг). Бундан кўриниб турибдики, ўша пайтлар Португалия чемпионатида 16 клуб иштирок этган. Ҳозирга қадар «Бенфика»дан бошқа ҳеч бир клуб мутлақ енгилмас номини ўзиники қилмаган.
Ҳозирги «Спортинг» ҳар жабҳада ўсиб келяпти. Ёш мураббий билан биргаликда Педро Гонсалвеш ҳам юлдуз даражасига чиқиб келмоқда. 22 ёшли форвард ҳозир турнир снайперлари рўйхатини 18 гол билан бошқариб келмоқда. 18 ёшли Нуну Мендеш эса, тез орада бутун Европанинг оғзига тушиши аниқ. Жамоа сардори - Коатес чинакам қалъа мисол ҳаракат қиляпти. Нето ва Жоау Мариу ҳозирги «шерлар»нинг суягини ташкил этади. Бруну Фернандешдек ижрочини йўқотганига қарамай, клуб ўзини тутиб олгани таҳсинга сазовор.
Роналдуга ҳайратда!
Криштиану Роналду собиқ жамоасини узоқ йиллар давомида кутилган соврин билан табриклашни унутгани йўқ. Бу иши билан Криш фаолиятининг сўнгги мавсумларини «Спортинг»да ўтказмоқчи эканлигини шаъма қилгандек туюлди. Ҳозир Роналду яна камида икки йиллик шоҳона маош кўрсатилган шартномага қўл қўймоқчи. Шу боис, «Ювентус» билан музокаралар олиб бориляпти. Лиссабон клуби унинг рўйхатида сўнгги поғонада эканлиги аниқ.
Шунга қарамай, «Спортинг» варианти чакки эмас. Бу ерда «Юве» форвардининг ўғли таҳсил олиши, оиласи ватанда бўлиши мумкин. Роналдунинг онаси истиқомат қиладиган Мадейра шаҳри ҳам узоқ эмас. Агар Рубен қурган жамоа халқаро майдонда ҳам ўзини кўрсата олса, Роналду ҳаммасини бошлаган нуқтасига қайтиб келиши ҳеч гап эмас.
Фикрлар