Роналдуга нисбатан ноҳақлик қилган ҳакам муносиб жазоланди
43 ёшли рефери ассистенти Марио Дикс ёзда бўладиган Европа чемпионатида ишлайдиган ҳакамлар рўйхатидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда Omrop Fryslan нашри хабар тарқатмоқда.
Эслатиб ўтиш лозимки, айнан Дикснинг хатоси билан “ЖЧ-2022” саралашидан ўрин олган Сербия — Португалия (2:2) учрашувида Криштиану Роналду томонидан киритилган ҳаққоний гол инобатга олинмаган эди. Ўшанда Роналду 90+3-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилган эди. Аммо учрашув бош ҳаками Данни Маккели қанотдаги ёрдамчиси Марио Дикснинг кўрсатмасига кўра тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтмаган деб топган ва голни ҳисобламаган эди.
Ўйиндан сўнг Дикс видеотакрорларни кўргач хато қилганини тан олган ва бунинг учун Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантушдан узр сўраган.
31 март куни Маккели Диксга бошқа ишонмаслиги ва уни ўз бригадасидан чиқармоқчилигини маълум қилган. Унинг ўрнини Ян де Фрис эгаллаши айтилмоқда.
Фикрлар