Роналдуни тинч қўйинг! Унинг қарори ҳар томондан тўғри!
Сўнгги бир ярим йил давомида футболчининг иши ҳақиқатан ҳам юришмай қолди. Боз устига, жанжалга сабаб бўлган интервью ортидан мундиалдаги омадсиз иштирок! Бу воқеалар фонида барча Роналдунинг “Ал-Насср”га ўтаётганини танқид қилишни бошлади. Бу воқеани таниқли футбол эксперти Жейми Каррагер “аянчли якун” деб атади. Хўш, аслида ҳам жуда хунук хотимами?
Бир ойдан сўнг Роналду 38 ёшни қарши олади. Катта эҳтимол билан, у шу пайтгача кўрсатган темпдаги футболни энди намойиш этишга қодир эмас. Бир гол учун АПЛда 520 дақиқа сарфлаш исталган форвард учун омадсизлик. Айниқса, ҳимояда кам наф келтирадиган Роналду сингари ҳужумчилар учун.
Шундай экан, кучли бешликдаги бирорта мураббий уни асосий таркиб футболчисига айлантирмайди. Демак, Роналду энди карьерасини кучлироқ клубда давом эттиришни истаса, айнан шу муаммо билан тўқнаш келишга мажбур бўларди. У йилларга қарши курашишдан кўра, барчасини тўғри ҳисоблади ва ўзини қийнаб ўтирмади.
Ҳа, у Саудия Арабистонига йўл олди, аммо нима учун? Пул учун дейсизми? Менимча, бу иккиламчи масала. Энг муҳими, Криш футболда қолишни истади. Ана ундан кейин пул борасидаги масалани кўриб чиқиш мумкин. Қаҳрамонимиз ўзи ижро этадиган ролни кичиклашганини тан олди ва шу сабабли ҳам кичикроқ саҳнага йўл олди. Криштианунинг Рангник ёки тен Ҳаг бошқарган жамоа захирасида ўтиришини тасаввур қилишнинг ўзи, бу футбол логикасига умуман тўғри келмаслигини англатади. Шундай экан, мазкур трансфер 101 фоиз тўғри қарор. Футбол учун ҳам, футболчи учун ҳам!
Хўш, йилига 200 миллион евро маош олса нима бўлибди? Бунда Роналдунинг нима айби бор? Бу маблағни Европа клублари тўлаётган пуллардан нима фарқи бор? Ер юзида спортчилар учун берилаётган маошнинг тоза ёки тоза эмаслигини аниқловчи марказ борми? Тўғри, Европа ва бошқа қитъа вакиллари учун Саудия Арабистонидаги аёллар футболига муносабат нотўғри талқин қилинади, аммо Криш ўзининг илк интервьюсидаёқ мамлакатдаги муаммолар ҳақида фикр билдирди. Кўп ўтмай, саудиялик аёл ҳакам тарихда илк бор ФИФА рефериси мақомига эришди. Аслида, Роналдунинг Осиёга кўчиб ўтиши футболнинг янги даражага кўтарилиши учун туртки вазифасини бажариб бермоқда. Бу трансферга паст назар билан боқиш кулгили.
Афсуски, кўплаб ёш футболчилар карьерасини ривожлантириш ўрнига катта контрактлар таклиф этишга қодир жамоалар томон ошиқмоқда. Мана буниси кишини кўпроқ хавотирга солади. Роналду футбол учун бир инсон нима бериши мумкин бўлса, ҳаммасини бериб бўлди. Унинг ишқибозлар, экспертлар ва ҳатто футболдан ҳам умуман қарзи йўқ. У 20 йил давом этган топ мавсумдан сўнг бироз енгилроқ тин олишга ҳақли. Уни "мега контракт" учун нолойиқ деб ким айта олади?
Кимлар учундир Месси биринчи рақамли бўлиши мумкин, аммо футболдан олинадиган даромад борасида Роналду барчадан бир қадам олдинда. Катта эҳтимол билан, у қўлга киритган сўнгги катта контракт эди бу. Португалиялик юлдуз ҳам, биз ҳам футбол оламида 15 йил гегемонлик қилган йигитнинг эраси якунланаётганини томоша қиляпмиз. Бу ҳолат Лео Мессини ҳам чеклаб ўтмаслиги турган гап. Ҳеч бир спортчи ҳали йилларни маҳв этишни уддалай олмаган. Катта эҳтимол билан, аргентиналик даҳони ҳам шундай якун кутиб турибди. Омон бўлсак, кўраверамиз. Ҳозирча “Ал-Насср”даги Роналдуга эътибор қаратинг!
У жуда хурсанд. Менимча, биз йиллар давомида ҳайрат билан ўйинларини томоша қилишга мажбурлаган йигитнинг чиройли хотимасини қабул қилишимиз керак.
Фикрлар