Россияда легионеримизни нега ўйнатишмаяпти?
Россия Премьер-лигаси вакиллари сиёсий санкциялар туфайли Европа миқёсидаги мусобақаларда иштирок этмаётган бўлса-да, бу мамлакат чемпионатига келаётган футболчилар оқими тўхтагани йўқ.
Юқори дивизионда ўйнаётган 16 та жамоа чемпионат учун 438 нафар ўйинчини қайдномадан ўтказган бўлса, шулардан 40 фоизи, яъни 175 нафари хорижий давлатлардан келган чарм тўп усталари ҳисобланади.
Маълумотларга қараганда, ёзги трансферлар вақтида рус клубларига 47 нафар легионер келиб қўшилган. Уларнинг энг кўпи – етти нафари Бразилия футболидан етишиб чиққан ўйинчилардир. РПЛ клублари Аргентина ва Уругвай бозорларида ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Россия клублари назаридан Марказий Осиёдан етишиб чиқаётган иқтидорлар четда қолаётган йўқ. Ёзги трансферлар даврида “Ростов” Тожикистон миллий терма жамоаси дарвозабони Рустам Ятимовни ўз сафига қўшиб олди. Ўзбекистоннинг ёш ўйинчиларидан Шерзод Эсонов ва Алишер Одилов Премьер-лига дебютантлари – “Акрон” ва “Химки” жамоалари таклифини қабул қилди.
23 июль куни “Акрон” футболчисига айланган 21 ёшли марказий ярим ҳимоячи Шерзод Эсонов тольяттиликлар жамоасига сингиб кетди. У Премьер-лигада бешта, мамлакат кубоги мусобақасида тўртта ўйинда иштирок этди.
26 августда “Химки” трансфер қилган 23 ёшли ҳужумкор футболчи Алишер Одиловнинг дебюти анча чўзиляпти. Москва вилояти жамоасига қўшилганига қарийб бир ойга яқинлашган бўлса-да, иқтидорли футболчимиз на Премьер-лига, на Россия кубогида кўринди.
Табиийки, катта умидлар билан легионерга айланган футболчимиз атрофидаги вазият ўзбекистонлик футбол ишқибозларини ҳам қизиқтириб қўйди.
Россия футболини ёритиб келаётган bombardir.ru ва football24.ru каби сайтларнинг инсайдерларга таяниб маълум қилишича, Алишер Одиловнинг асосий таркибга кириш учун курашда тажрибали ўйинчиларга имкониятни бой бермоқда. Инсайдер Иван Карповнинг таъкидлашича, 23 ёшли ўзбек легионерининг жамоа билан ҳеч қандай муаммоси йўқ.
Клуб раҳбарияти уни маълум муддат ёшлар жамоаси билан машғулотларда иштирок этишга жўнатган. Тез орада Алишер яна асосий таркибга қайтарилиб, умумий гуруҳ машғулотларига жалб қилинишини ҳақида маълумотлар ҳам чиқа бошлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсум Россия чемпионатида беш нафар ўзбекистонлик легионер тўп тепяпти. Улар орасидан Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг асосий фигурасига айланган. 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз кейинги ўйинларда “армиячилар”га самара келтира бошлади.
“Рубин” сафида Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев бор. 28 ёшли марказий ҳимоячимиз бошланғич таркибда ўйнаяпти. 21 ёшли Умарали Раҳмоналиев эса, чемпионатда бир бор, кубок ўйинларида икки маротаба майдонга тушди.
Таъкидлаш жоизки, “Химки” клубида айни пайтда жанговар таркибни шакллантириш ишлари давом этмоқда. Демак, Алишер Одилов ҳам тез орада ўзига бериладиган имконга эга бўлади. Зеро, ҳеч қайси футболчи 23 ёшида захирада ўтириш ёки ёшлар жамоасида ўйнаш учун легионер мақомини олмайди!
Шомуродов жамоасида яна жиддий ўзгариш. Бу гал ким ишдан олинди?
Натижадан норози Николич Файзуллаев ҳақида нималар деди?
Фикрлар