Натижадан норози Николич Файзуллаев ҳақида нималар деди?

Россия Премьер-лигасининг тўққизинчи турида “ўзбек дербиси” кузатилди. Қозон шаҳри мезбонлик қилган учрашувда “Рубин” ҳимоясида Рустам Ашурматов, ЦСКА ҳужумида Аббосбек Файзуллаев етакчилик қилди.

Ўйин кескин ва муросасиз беллашувларга бой бўлди. Москваликлар ҳужумларини қайтаришда Рустамжон Ашурматов алоҳида жонбозлик кўрсатди. Тажрибали легионеримиз бир неча вазиятда “армиячилар”нинг “Рубин” дарвозасига зарба беришига йўл қўймади.

“Рубин” бош мураббийи Рашид Раҳимов 58-дақиқада ўйинга тактик ўзгартиришлар киритиш учун Ашурматовни захирага олиб, ўрнига Константин Нижегородовни туширди. Таъкидлаш жоизи, 28 ёшли марказий ҳимоячимиз бу мавсумдан мунтазам асосий таркибда тўп тепмоқда. Рустам ҳозирга қадар чемпионатда бешта, кубок мусобақасида тўртта ўйинда иштирок этди.

Аббосбек Файзуллаев эса, ЦСКА ҳужумларини ташкил қилишда фаоллик кўрсатди. Ҳамюртимизнинг тезкор, кутилмаган, қўққисдан қабул қилган қарорлари рақибни анча шошириб қўйди. Москва клуби ҳужумчилари бир неча бор легионеримизнинг қулай пасларини голга айлантира олмади.  

“Армиячилар” ҳисобни Аббосбек Файзуллаев ҳаракатлари эвазига очди. Легионеримиз идеал даражада аниқ ва қулай пас оширди. Рифат Жемалетдинов ўзбек футболчиси яратиб берган вазиятдан унумли фойдаланиб, мавсумдаги биринчи голини урди.

Бироқ ЦСКАга ғалабани ушлаб қолиш насиб қилмади. Қозонликлар иккинчи бўлимда Егор Тесленконинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Ўйиндан кейин ЦСКА бош мураббийи Марко Николич клуб матбуот хизматига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Уч очко олиб кета олмаганимиз аламли бўлди. Майдонда жамоамиз тўпни назорат қилиш, хавфли вазиятлар яратиш, дарвозага зарба йўллаш каби турли кўрсаткичлар бўйича устунлик қилди. Ёқмагани томони – биз кетма-кет учинчи учрашувда ўйин борасида рақибдан устун бўлиб туриб, ғалабага эриша олмаяптмиз.

Бу баҳсда футболчиларимиз борини бериб ўйнади. Ғалаба қозона олмаганимиздан афсусдаман, лекин ишлашда ва олдинга интилишда давом этамиз.

Жамоамдаги алоҳида ўйинчиларни муҳокама қилмайман. Лекин шуни айтишим керакки, охирги уч-тўртта ўйинда Аббосбек Файзуллаев ва Рифат Жемалетдинов катта ўсишга эришганини кўриб турибмиз.

Аббосбек Олимпиада туфайли узоқ вақт жамоада бўлмади, Рифат сафимизга ёзда қўшилди. Футболни тушунадиган ҳар бир одам ҳар қандай ўйинчига вақт кераклигини яхши билади. Файзуллаев ва Жемалетдинов юқори спорт формасини тиклаб олганини намойиш қилаётгани кўриниб турибди, - деди сербиялик мутахассис Марко Николич.

Жорий мавсумда умумий ҳисобда ўнинчи ўйинини ўтказган Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубогидаги ассистлари сонини бештага етказиб олди.

Ҳусанов айбдор! Абдуқодир “қовун туширди”...

Шомуродовнинг голи уни қутқара олмади! Даниэле Де Росси ишдан ҳайдалишига жиддий сабаблар бор экан

“Рома” футболчилари Даниэле Де Росси бўшатилишидан норози. Шомуродов ким томонда?
Файзуллаев чарчади...

Файзуллаев мухлисларига яхши хабар!

Машҳур мураббий Шомуродовга эмас, Роналдуга устозлик қиладиган бўлди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!