Россияда порлаётган Сардор Азмунни ўзбекистонлик мутахассис кашф қилганини биласизми?
Ўзбек футболининг ёрқин юлдузи Андрей Фёдоровнинг Россия футболида ҳам ўз ўрни, ҳурмати ва хизмати бор. Машҳур футболчимиз “Рубин” билан бирга биринчи лигадан то жамоанинг Россия чемпиони бўлгунича узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтган.
2000-2008 йиллари Қозон шаҳри жамоасини шарафини ҳимоя қилган Андрей Фёдоров Россия премьер-лигасида 127 та учрашув ўтказиб, ҳимоячи бўлганига қарамасдан, рақиблар дарвозасини 15 марта аниқ нишонга олган. 2003 йили Россия чемпонатида бронза медални қўлга киритган бўлса, беш йилдан кейин жамоа сардори сифатида Россия чемпионати олтин медали ва бош совринини ҳам қабул қилиб олган.
“Татар-информ” ахборот агентлиги Андрей Фёдоровнинг “Рубин”даги фаолиятига оид суҳбатини эълон қилди. Ушбу иштервьюнинг энг қизиқ жойларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Андрей, футболчилик фаолиятингизни 2008 йили якунлагансиз. Лекин футболдан узоқлашмадингиз...
- “Рубин” чемпион бўлганидан кейин бутсаларни михга илишга қарор қилдим. Албатта, фаолиятимни давом эттириш имконияти бор эди. Биринчи лига клубларидан таклифлар бўлди. Лекин “Рубин” раҳбарияти ва бош мураббий Қурбон Бердиев билан суҳбатлашганимдан кейин клубда қоладиган бўлдим. Мени клубнинг селекция бўлими бошлиғи этиб тайинлашди.
Таъкидлаш жоизки, ўша пайтгача клубда селекция бўлими йўқ эди. Янги футболчиларни кўрикдан ўтказиш учун мураббийларнинг ўзи юрарди. Мен клуб таклифини қабул қилдим ва шу билан бирга Мураббийлар олий мактабида ўқидим.
2012 йили Юий Уткульбаев “Рубин” ўринбосарлари таркибидаги бош мураббийлик постини топширди ва унинг ўрнини мен эгалладим. Оилавий шароит туфайли бир йилдан сўнг, яна селекция бўлимидаги жойимга қайтдим. 2014 йил февралида “Рубин”дан бўшаб кетдим.
- Ўзингиз селексция бўлимида ишлаган даврингиздаги ёрқин лаҳзаларни гапириб берсангиз. Ўйинчиларни қаердан ва қандай топардингиз, кимларни “Рубин”га сиз олиб келгансиз?
- Франциянинг Тулон шаҳрида ҳар йили май-июнь ойларида футбол истеъдодларининг ярмаркаси бўлади. У ерга бутун дунёдан ўсмирлар терма жамоалари келади. Худди шундай турнир Испаниянинг Валенсия шаҳрида ҳам ташкил этилади. Бу турнирларнинг яхши томони шундаки, у ерга хали мутахассислар эътиборига тушмаган янги футболчилар олиб келинади.
Бундан ташқари, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон ва қитъалар чемпионатларидаги ўйинчиларни ҳам кузатиб борардим. Менга бу борада селекция бўлимидаги мутахассислар Олег Начаев ва Марат Кабаев ёрдам берарди. Кейинчалик селекция бўйича аналитик лавозими ҳам ташкил қилинган эди.
“Рубин” учун биз топган энг ёрқин ўйинчи ҳақида гапирсак, бу шубҳасиз Сардор Азмун. Биринчи бўлиб, уни Марат Кабаев Санкт-Петербургдаги турнирда кашф қилган. Ўшанда Азмун 17 ёшда эди. Бир йил давомида уни олиш устида ишладик ва ниҳоят, 18 ёшга тўлиши билан эронлик футболчи Қозонга кўчиб ўтди. Бу ёш футболчи трансфери эди.
Агар таниқли ўйинчилар трансферини ҳақида айтадиган бўлсам, Саломон Рондонни “Рубин”га олиб келганмиз. Албатта, Рондонни биз кашф қилганмиз, демайман. Чунки ўша даврларда у кўзга кўринган футболчи эди. Испания чемпионатида “Малага” шарафини ҳимоя қиларди. Аслида, дастлаб унинг ўрнига сенегаллик ҳужумчи Даме Ндойени олишни истагандик. У “Копенгаген” сафида Чемпионлар лигасида бизга қарши ўйнаганди. Лекин охир-оқибат “Локомотив” ўтиб кетди ва биз Рондонни таклиф қилдик.
- Кейин Ўзбекистонда мураббийлик қилдингиз...
- Ҳа, “Рубин”да ишлаган вақтимда деярли ҳар куни Фарғонадан қўнғироқ бўларди. Натижада 2014 йили “Нефтчи” таклифини қабул қилиб, фаолиятимни бошлаган клубга қайтдим. Бошида маслаҳатчи мураббий эдим, кейинроқ бош мураббий бўлдим. Ўша пайтда Pro лицензиясини олгандим ва расман жамоани бошқаришим мумкин эди. 2018 йилдан жорий йилнинг августига қадар Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ишладим.
- “Рубин” қизиққан Остон Ўрунов “Локомотив”даги ўйинлари Сиз ишлаган даврга тўғри келадими?
- Йўқ. Лекин мен унинг салоҳиятини жуда яхши биламан, чунки олдинроқ – “Навбаҳор”да ўйнаганида эътиборимни тортган эди. Менимча, у таянч зонадан кўра, ҳужумчи ортида яхши ўйнайди. Айниқса, ёнида бирор футболчи билан ўйнаса, кўпроқ самара беради. Ўзбекистонда асосан қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнарди. “Спартак”да Зобнин Мойзес келгунича шунақа ўйнади-ку, ҳудди шундай. Агар у “Рубин”га келадиган бўлса, Шатов ва Хван билан асосий таркибга кириш учун бемалол рақобалаша олади. Остон тўпни яхши олиб юради ва кучли дриблингга эга. У жамоани кучайтира олади, деб ўйлайман.
Фикрлар