
Россиядаги легионеримиз бошқа лигага кетади!
Россия Премьер-лигаси вакили “Рубин” жамоаси аъзоси ҳисобланган Умарали Раҳмоналиев тез орада Озарбайжон чемпионатига кўчиб ўтади.
Нуфузли манбалардан бири – “Спорт экспресс” нашрининг маълум қилишича, “Рубин” раҳбарияти ўзбек футболчисини Озарбайжоннинг “Сабаҳ” жамоасига ижарага беришга қарор қилган.
21 ёшли Умарали янги жамоасида 2025 йилнинг охиригача тўп тепиши келишилган.
Майдонда бир неча позицияда ўйнай оладиган ярим ҳимоячи 2022 йилнинг ноябридан бери Россия чемпионатида “Рубин” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, истеъдодли футболчимиз ҳали ёшлиги ва рақобат кучлилиги боис Россия Премьер-лигасида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Хусусан, жорий мавсумда Умарали чемпионатда икки маротаба майдонга тушиб, эами 78 дақиқа тўп тепди.
Россия кубоги доирасида Рашид Раҳимов уни беш бор синовдан ўтказди. Легионеримиз 438 дақиқа ўйнаб, битта ассист муаллифи ҳам бўлди.
Табиийки, бу кўрсаткичлар ва берилаётган имконият ўйинчининг ўсиши учун етарли эмас. Унинг тенгдоши Аббосбек Файзуллаев 2024 йил давомида Россия Премьер-лигасида энг кўп – 3942 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, ўзига хос рекорд ўрнатди.
Эслатиб ўтамиз, асли наманганлик Умарали Раҳмоналиев “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. “Қардирғочлар” сафида Ўзбекистон Суперлигасида ҳам иштирок этиб, ўз ҳисобига саккизта гол ва битта ассист ёздириб қўйган.
“Рубин”га кўчиб ўтганидан бери 27 та ўйинда майдонга тушди ва иккита ассист қайд этди.
Раҳмоналиев Ўзбекистоннинг 19, 20, 23 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоаларида ўйнаб келади. Умарали сардорлик қилган Ўзбекистон U-20 терма жамоаси 2023 йили Осиё чемпионатида ғолиб чиқиб, Аргентинадаги жаҳон чемпионатида иштирок этди.
2024 йилнинг бошида Умарали Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан Қатардаги Осиё кубогида иккинчи ўринни эгаллаб, ёзда ўзбек футболи тарихида илк бор Париждаги Олимпия ўйинларида қатнашди.
Озарбайжон Премьер-лигасида ўнта жамоа иштирок этади. Бу клублар мусобақада иштирок этиш учун жами 263 нафар футболчини рўйхатдан ўтказган.
Шулардан 121 нафари легионерлардир. Уларнинг орасида энг кўпи – 21 нафари Бразилия вакилларидир.
Бу чемпионтда бир нафар ўзбекистонлик чарм тўп устаси бор. Жасурбек Жалолиддинов “Сумгаит” жамоаси ўйинчиси ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, “Сумгаит” ҳам, “Сабаҳ” ҳам Озарбайжон чемпионатининг ўртамиёна жамоалари сафига киради.
Фикрлар