Россиядан Италияга борган футболчилар ортга қайтади! Шомуродовчи?
Ўтган йили Россия футболида кутилмаган ҳолат юз берди. Мамлакат премьер-лигасида ўйнаётган уч футболчи кучли бешлик чемпионатларига кирувчи А Серия клубларидан таклиф олди ва бу трансферлар амалга ошди.
Қизиғи шундаки, бепоён ўлкадан Европага қадам босган аксарият футболчиларнинг фаолияти ўзлари истаганча кечмаган. Бунинг оқибати ўлароқ, кейинги йилларда кучли бешлик чемпионатлари вакиллари Россия чемпионатидан умуман футболчи олмай қўйганди. Шунинг учун Алексей Миранчук, Элдор Шомуродов ва Александр Кокориннинг Италия клубларига ўтгани “кўҳна қитъа”да кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Алексей Миранчук
“Локомотив” етакчиси бўлган Алексей Миранчук Россия терма жамоасининг ҳам энг кучли ўйинчиларидан бири сифатида тан олинган. Уни таклиф қилган “Аталанта” буюк тарихга эга бўлмаса ҳам, кейинги йилларда мунтазам Европа Чемпионлар лигасида ўйнаяпти.
14,5 миллион еврога харид қилинган Миранчук “Аталанта” бош мураббийи Жан Пьеро Гасперини қўллаётган тактикаларга тўлиқ мослаша олмади. Ҳужумкор футболчининг ўйини бугунги кунда мураббийлар штабини қониқтирмаяпти. Сўнгги маълумотларга қараганда, бергамоликлар қишда Миранчукни трансфер қўяди.
Бунга асосий сабаб “Аталанта” раҳбарияти тезроқ “Сассуоло” ярим ҳимоячиси Жереми Богани олмоқчи. Ивуарлик ўйинчи трансферини амалга ошириши учун бергамоликлар Европа Иттифоқи паспортига эга бўлмаган футболчилардан бирини сотиб юбориши керак бўлади. А Серия регламентида Европа Иттифоқи ҳудудидан ташқаридаги мамлакатлардан келган легионерлар учун лимит қўлланилади.
Жорий мавсумда чемпионатда тўртта учрашувда қатнашиб, ўзини кўрсатолмаган Миранчук кетиш учун асосий номзод. 26 ёшли ярим ҳимоячига асосан Россия клубларидан қизиқиш бўляпти.
Алексей Кокорин
Аслида бир пайтлар юлдуз даражасига кўтарилган ҳужумчининг “кетмони” Россия премьер-лигасида ҳам учмай қолган эди. Лекин омадни қарангки, аввалига “Спартак” уни ўз сафига қўшиб олди. Москваликлар сафида ҳам ёрқин ўйин кўрсатолмаган Кокориннинг бошига янада каттароқ омад қуши қўнди. Александрга кутилмаганда “Фиорентина” харидор бўлди ва бу трансфер 4,5 миллион евро эвазига амалга ошди.
Ўша пайтдаёқ кўпчилик флоренцияликлар катта хатога йўл қўйгани ҳақида бонг урган эди. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Футболчининг танбаллиги унга банд берди. Кокоринга машҳур ҳужумчи Самуэль Это’О энг тўғри “ташхис”ни қўйди.
- Кокорин жуда истеъдодли ва улкан салоҳиятга эга футболчи эди. У майдонда ҳамма нарсани осон бажарарди. Лекин спортда бор кучинг ва иштиёқинг билан машқ қилмасанг, вақти билан бор иқтидорингдан айриласан. Кокоринда худди шундай бўлди. Унинг боши бошқа нарсалар билан банд эди, - дейди Самуэль Это’О.
Кокорин дебют мавсумида умумий ҳисобда тўрт марта захирадан ўйинга қўшилиб, жами 41 дақиқа “тер тўкди”. Майли, А Серияга келганидан кейинги ярим мавсумни мослашиш даври, деб ҳисоблайлик. Бироқ, Кокорин жорий чемпионатда ҳам ҳеч нарсани уддалай олгани йўқ. А Серияда уч марта майдонга тушиб, ўйнаган вақти ярим соатни ҳам ташкил қилмайди. Қолаверса, рус ҳужумчиси 1,8 миллион евро миқдорида маош олаётган флоренциялик мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
“Фиорентина” ассойи ҳужумчиси Душан Влаховични ушлаб қола олмайди. Унга катта клублар оғиз соляпти. Шу боис, жамоага янги ҳужумчи керак. Кокорин эса қишда жамоани тарк этиши кутиляпти. Унга Россия чемпионати ва араб мамлакатларидан қизиқиш бор.
Элдор Шомуродов
“Ростов”да юлдузли онларини ўтказган ҳужумчимизнинг вазияти Алексей Миранчук ва Александр Кокоринникидан тубдан фарқ қилади. Чунки, ҳамюртимиз ўтган йили ёзда нисбатан кучсиз клуб – “Женоа”га ўтган бўлса-да, ўз салоҳиятини намоён эта олди.
А Серияда саккизта гол уриб, битта голли пас оширган Элдор мавсум охирига келиб, жиддий клублар – “Ювентус”, “Милан” ва “Рома” эътиборини ўзига тортди. Римликларни қабул қилиб олган Жозе Моуриньо ўзбек ҳужумчисини шахсан ўз жамоасига жалб қилди.
Бошида Шомуродов “Рома”нинг асосий ҳужумчиси эди. Тэмми Абрахам келиши билан захирага ўтириб қолди. Айни пайтда Элдор мавсум бошидаги натижаларни қайд этолмаяпти. Рим клубида Конференциялар лигасида атиги битта тўп киритган легионеримиз А Серияда голсиз серия тўрига илиниб қолди.
Лекин бу “Рома” ва Моуриньонинг Элдорга бўлган ишончи сўнганини англатмайди. Аксинча, улар Шомуродов кучли рақобатни енгадиган даражадаги ҳужумчига айланишини кутяпти. Бундан буён Элдорга ҳеч осон бўлмайди. Чунки Моуриньо таркибни янада кучайтириш йўлидан бормоқда. Табиийки, Жозе чақираётган футболчилар орасида Тэмми Абрахамдан ҳам кучли ҳужумчилар бор. Демак, Шомуродов рақобатга кўникиши ва ғолиб чиқишни ўрганиши керак.
Қолаверса, Миранчук ва Кокориндан фарқли рақишда Шомуродовда ортга йўл йўқ. Бизни қувонтирадигани, ҳужумчимизга кучли бешлик чемпионатларидан қизиқиш бор. Ҳозирдан, “Севилья” Шомуродовни Испания чемпионатига олиб кетмоқчи. Борган сари таклифлар ва янги вариантлар кўпайиб бораверади.
Фикрлар