Россиялик мутахассис: "Ўзбекистонда ҳар доим иқтидорли футболчилар етишиб чиққан"
Бир неча йиллар Россия терма жамоасининг мураббийлар штабида ишлаган ва яна Россия премьер-лигасида, шунингдек, Венгрия ва Польша чемпионатларида самарали фаолият олиб борган Мирослав Ромашенко Sports.uz сайтига интервью берди. 50 ёшли мутахассис фаолияти ва юртимиз футболи ҳақидаги саволларга жавоб берди.
- Мирослав Юрьевич, адашмасам охирги бошқарган клубингиз “Ахмат”. Мураббий учун вақтини севимли ишидан ташқари ўтказиш зерикарли бўлса керак?!
- Биринчи саволга келсак, куним мураббий сифатида футбол билан бошланади. Чунки савиямни кўтариш учун зарур бўлган барча имкониятларни ишга солишим керак. Аввало, бирор ўйинни томоша қиламан. Қолаверса, ҳаётимдаги ҳозирги вақтдан максимал даражада фойдаланиб қолишим керак. Айтишим керак, РПЛдан ташқари бошқа биринчиликлар ўйинларини ҳам томоша қилиш пайида бўламан. Албатта, асосий эътиборни Европадаги чемпионатларга қаратаман. Дарҳақиқат, ишлашда давом этиш учун менда сабаб ва истаклар етарлича. Зеро, фаолиятимда янги қадамни ташлашни истайман.
- Ўзингиз ишлаган клубларда ўзбек футболчиларини кўрмоқчи бўлганингиз ростми?
- Энди иккинчи саволингизга келсам, ўзим ишлаган жамоаларда биринчи иш шорт-вароқ билан танишишдан бошланган. Нега деганда, ҳар бир мураббий таркибни кучайтиришга эътибор қаратади. Боз устига бундай пайтда ўша вароқда доим бир қанча номзодлар исм-шарифлари, улар ҳақидаги барча маълумот бўлади. Ҳа, ўзим танишган номзодлар орасида ўзбекистонлик футболчилар ҳам бўлган. Бироқ булар айнан кимлар ва қайси клублардан эканлигини айтиб ўтишни хоҳламаган бўлардим. Чунки эслашдан бирор маъно кўрмаяпман ва ҳаммаси ўтмишда қолиб кетган.
- Бош мураббийликдан ташқари қатор жамоаларда ёрдамчи мураббий бўлиб ҳам ишлагансиз. Иккала ҳолатда ҳам жавобгарлик ҳисси сиз учун бир хилми?
- Нима дейишим мумкин: мен ўзимга нисбатан анча талабчан одамман. Қайси клубда иш бошламай, доим максимал куч билан ишга киришаман. Бошқача айтганда, боримни бериб ишлашга ҳаракат қилиб келганман. Ишимни иложи борича сифатли қилиб бажариш пайида бўлишга ҳаракат қиламан. Биласизми, ҳар қандай инсон қандай иш билан машғул бўлмасин, авваламбор масъулиятни ҳис қилмоғи шарт! Шу пайтгача ўзим ишлаган жамоаларда ҳам атрофимда мана шундай кишилар бўлишига эътибор берганман. Агар бирор ишга киришсам, буни худди ўзим учун қилаётгандек бажаришга одатланганман, десам буни муболағага йўйманг. Мураббийлик фаолиятимни бошлаганимдан бери зиммамдаги вазифани шунчаки юзаки бажаришга ўрганмаганман.
- Ўзбек футболи ҳақида гап кетганда биринчи навбатда нима деган бўлардингиз?
- Мен собиқ иттифоқида туғилганман, футболчилик фаолиятимни ҳам ўша даврда бошлаганман. Ўша пайтда Иттифоқ таркибидаги ҳар бир республиканинг бош-асосий жамоаси бўларди. Жумладан, Ўзбекистонда “Пахтакор” иттифоқ чемпионатида анча-мунча рақибларнинг додини берарди. Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳар доим иқтидорли - ёрқин футболчилар етишиб чиққан. Сиздагилар бошқалардан шижоати, техник салоҳияти ҳам ўзгачароқ эканлиги билан ажралиб келганлар.
- Фаолиятингиз давомида кўплаб мураббийлар билан ишлагансиз. Сиз учун Россиядаги энг кучли мутахассислар кимлар?
- Мен учун ҳеч шак-шубҳасиз, Олег Иванович Романцев алоҳида аҳамият касб этади. У кишидан беҳад миннатдорман. Шунингдек, Валерий Георгиевич Газзаевни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим.
Фикрлар