"Рости, Ўзбекистондан ҳам таклифлар бўлди, "Зоб Ахан"ни танлаб тўғри танловни амалга оширдим, "Навбаҳор"дан кетиш оғир бўлди, аммо..." - Эхсони Паншанбе билан суҳбат

Тожикистонлик ярим ҳимоячи Эхсони Паншанбе яқинда Эроннинг “Зоб Ахан” клубига кўчиб ўтди. Куни кеча ушбу ўйинчи Sports.uz сайтига интервью берди.

- Эхсони “Навбаҳор”дан кетишни олдиндан режалаштирганмидингиз?

- Йўқ, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган.

- “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян билан гаплашганимда, у сиз ҳақингизда ижобий фикрларни айтди. Айтинг-чи, клубдан кетишингизда унинг қўли борми?

- Самвел Вячеславович биринчи навбатда жуда яхши инсон. У яна энг яхши мураббий. Менинг бошқа клубга ўтишимда катта роль ўйнади. Кетишим бўйича гаплашганмиз ва яхши маслаҳатлар берган. Бабаян ҳам бошқа жамоада тўп суришимни тарафдори бўлган. Шунинг учун унга ва мураббийлар штабига ўз миннатдорлигимни билдираман. Умуман олганда, Бабаяндан ташқари клуб президенти Отабек Саматов ва вилоят ҳокими ҳам “Навбаҳор”да ўйнаб кетишимда катта ролни бажаришган. Бундай жонкуяр инсонлар кам. Улар футболни жуда севишади. Шунинг учун бу каби инсонларни қадрлаш керак.

- Сизда “Навбаҳор”да қолиш имконияти қолмаганмиди?

- Умуман олганда, қолиш варианти ҳам бўлганди. Яъни, мени кетишимга қарши одамлар ҳам бор эди.

- Трансферингиз кўпчиликни қизиқтирди. Эрон клуби сиз учун қанча нарх тўлади?

- Йўқ, бепул. Барча масалани келишиб олгандик.

эхсони1_1

- “Навбаҳор” ҳозир мусобақа жадвалида пешқадам бўлиб турибди ва сизда ҳам мавсум якунида соврин ютиш имкониятингиз кўпроқ эди. Шуни инобатга олганда, ҳеч бўлмаганда нимадир ютиб, кейин кетсангиз бўлмасмиди?

- Жуда яхши ва қизиқарли савол. Умуман айтганда, соврин ютиб кетишни хоҳлаган бўлардим. Лекин мен ўйнашда давом этишим керак. Энди 23 ёшга кирдим. Яна ўсишим ва ривожланишим лозим. “Навбаҳор”га омад тилайман. Охиригача шундай давом этсин. Асосийси, йигитлар жароҳатлардан ҳоли бўлсин.

- Нима учун “Зоб Ахан” клубини танладингиз?

- Рости, менга Ўзбекистондан таклифлар бўлган. Буни инкор этмайман. Кўплаб қизиқишлар бўлди. Бу пайтда мен “Зоб Ахан” билан музокаралар ўтказаётгандим. Ўзимни Эрон чемпионатида синаб кўришни хоҳладим. “Зоб Ахан” жуда яхши жамоа ва бой тарихга эга. Адашмасам, Осиё Чемпионлар лигаси финалида иштирок этган. Ўйлайманки, мен тўғри танловни амалга оширдим.

- “Навбаҳор”дан кетиш қийин бўлмадими?

- Ҳа, жуда қийин бўлди. Нима бўлган тақдирда ҳам “Навбаҳор”да икки йил тўп сурдим. “Навбаҳор” ва Наманган менинг иккинчи уйимдек бўлиб қолганди. Шунинг учун у ердан кетиш оғир кечди. Лекин олдинга қараб интилишда давом этиш керак. Ҳозиргача жамоадошларимни соғиняпман. Аммо нима ҳам қила олардик, ҳаёт шундай экан. “Навбаҳор” доим қалбимда қолади. Бундан кейин ҳам бу клубга чин юракдан мухлислик қиламан.

эхсони3

- Умуман олганда, Намангандаги фаолиятингиз ёқдими?

- Ҳа, “Навбаҳор”да ҳаммаси аъло даражада бўлган. Ҳеч нимадан афсусланмайман. Клубда барча нарса юқори даражада йўлга қўйилганди.

- “Зоб Ахан”да сизни қандай кутиб олишди? Сизга қандай талаблар қўйишди?

- Мени бу ерда юқори даражада кутиб олишди. Бундан миннатдорман, ҳаммасидан қониқиш ҳосил қилдим. Янги жамоадошларим ҳам ажойиб йигитлар экан, улар мени яхши қарши олишди. Клуб раҳбарлари, ходимлари, шаҳар ҳокими ҳам яхши кутиб олишди. “Зоб Ахан” топ-даражадаги жамоа. Юқорида айтганимдек, чемпионлар лигаси финалида иштирок этган, бу ҳам бежиз эмас. Бу ҳам клубнинг мавқеи қандайлигини кўрсатиб турибди.

- Юқорида Ўзбекистондан таклифлар бўлганини айтдингиз. Сир бўлмаса, Суперлигадан қайси жамоалар қизиқиш билдиришганди?

- Энди бу ҳақида гапирсам нотўғри бўлади, деб ҳисоблайман. Бу албатта ўз фикрим. Мен Ўзбекистондаги барча жамоаларни ҳурмат қиламан. Ўзбекистон биз тожиклар учун худди ўз уйимиздек. Анъаналаримиз, яшаш тарзимиз ва миллий урф-одатларимиз ҳам деярли бир хил. Бундан ташқари, биз қўшнилармиз. Шу сабабли ҳам қандай таклифлар бўлгани хусусида гапириш нотўғри. Умид қиламанки, яна қачонлардир Ўзбекистонга қайтаман.

эхсони5

- “Зоб Ахан” билан “Навбаҳор”нинг фарқи нимада?

- Нима десам экан, ҳозир аниқ бир гап айта олмайман, энди 4-5 кундан бери янги клубимда шуғулланяпман. Барчасини вақт кўрсатади.

- Янги клубингизни мақсади қандай?

- Янги клубимда мен учун биринчи навбатда жамоа туради. Асосийси, жамоамнинг яхши ўйин кўрсатиши ва ғалаба қозониши муҳим. “Навбаҳор”да ҳам доим шундай бўлган.

- “Навбаҳор”да энг яқин дўстингиз ким эди?

- Клубда ҳамма билан муносабатларим жуда яхши эди. Дўстона муносабат ўрнатилганди. Бу борада кимнидир алоҳида ажратиб кўрсата олмайман.

- Эрон чемпионати кучлими ёки Ўзбекистон Суперлигасими?

- Ҳозирча бу масалада ҳам бир нима дея олмайман. Яқиндагина келдим. Чемпионат бошланганидан кейин кўрамиз.

эхсони2

- “Зоб Ахан”да қайси рақамни танладингиз ва нима учун?

- 17-рақамни олдим. Болалигимдан бери шу рақамда ўйнаб келаман. Шу боис бу ерда ҳам 17 ни танладим.

- Сиз учун “Навбаҳор”даги ёқимли ва ёқимсиз ўйин?

- “Навбаҳор”да барча ўйинлар яхши ўтди, деб ҳисоблайман. Ютамизми-ютқазамизми, барибир ажойиб ўйинлар ўтказдик. Ўтган йили Ўзбекистон Кубогида “Насаф”га қарши қўшимча дақиқаларнинг охирида гол ўтказиб ютқазганимиз энг ёқимсизи бўлганди.

- Эрон чемпионатига кетишингиз фаолиятингизда олдинга ташланган қадамми?

- Ҳозирча бир нима дея олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Чемпионат бошланаверсин, қолганини кўрамиз.

- Ўзбекистон чемпионатида фаолият олиб бориб, кўпроқ нималарни ўргандингиз?

- Ўзбекистон чемпионати жуда яхши. Мен у ерда жуда кўп нарсаларни ўзлаштирдим ва ўргандим. Кўпчилик билан, бошқа клублардаги футболчилар билан ҳам дўстлашдим. Умуман айтганда, Ўзбекистон чемпионати менга кўп нарса берди.

эхсони_1

- Сир бўлмаса, “Зоб Ахан”да сизга қандай маош таклиф қилишди? У ерга кетишингизда пул муҳим роль ўйнадими?

- Ўзингиз яхши тушунасиз, профессионал футболчи маош ҳақида гапирмайди. Тўғри, бу сир эмас, буни кўпчилик билади. Лекин бу ерда ҳеч қанақа пул роль ўйнамайди.

- Юқорида яна Ўзбекистонга қайтишингиз мумкинлиги ҳақида айтдингиз. Бу у қадар узоққа чўзилмайдими?

- Ҳа, яна Ўзбекистонга қайтишни хоҳлайман. Насиб қилса, кун келиб албатта қайтаман.

- Янги клубингизда бошқа хорижлик футболчилар ҳам борми?

- Клубда биргина мен легионерман. Бошқа легионерлар йўқ. Жамоанинг қолган барча фуболчилари маҳаллий ижрочилар. Мен ушбу суҳбатдан фойдаланиб, “Навбаҳор”нинг ашаддий мухлислари ҳақида гапирмоқчиман. Улар Ўзбекистонда энг зўрларидан бири. Жамоани ва мени ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлашган. Бунинг учун уларга катта раҳмат. Ишқибозлар ҳар доим жамоасини ёлғизлатиб қўйишмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Verizon New
24/07/2022 22:20
Juda farosatli futbolchi ekan, hech kimni hafa qilgisi kelmabdi. Eronda omadini bersin, o'z o'rnini topsin!
&
Восток
24/07/2022 11:49
Кейинги уйинларингда омад тилаймиз.сог-саломат булгин
Абдурахман Абдувалиев
24/07/2022 11:27
Омадингни берсин Эхсон, шу бола Бабаянни тактикасига тўғри келмадида, афсус