Рўзиқул Бердиев: "Ал-Садд билан дуранг ёмон натижа эмас, лекин..."
Осиё Чемпионлар лигаси 1-тури доирасидаги "Ал-Садд" - "Насаф" учрашуви якунига етди. Унда томонлар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Баҳсдан кейинги матбуот анжуманида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиев қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Ўйин қизиқарли ва кутилмаган воқеаларга бой ўтди: вазиятлар, қизил карточкалар ва ҳоказо. Аслида, "Ал-Садд"га қарши қўлга киритилган дуранг ёмон натижа эмас, аммо баҳснинг боришини ҳисобга олсак, ғалаба қозонишимиз керак эди.
Бевосита беллашув ҳақида гапирсам, очиқ ўйин гувоҳига айландик. Ҳар икки жамоа ҳам сўнгги сонияларгача ғалабани илиб кетиши ҳеч гап эмасди. Лекин мен буни кўпроқ биз икки очко йўқотдик, деган бўлардим. Боиси, барчангиз кўрдингиз, биз рақибдан икки киши кўпроқ бўлиб ҳаракат қилдик. Ютишимиз керак эди.
Икки киши кўп бўлиб ўйнаган билан ҳам рақиб бутунлай ҳимояга "ётиб олса", вазият яратиш қийин бўлади. Бугун шунга гувоҳ бўлдик. "Ал-Садд" кучли клуб, улар камчиликда бўлиб ҳам вазиятлар ярата олди".
Фикрлар