Рўзиқул Бердиев: "Баъзида таваккал тактикамизга борамиз"
“Насаф” Навоийда “Қизилқум” жамоасига қарши учрашувда охирги дақиқаларда пенальтидан гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолди. Беллашувдан сўнг “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Аввало, учрашув тўғрисидаги таассуротларингиз ҳақида тўхталсангиз.
- Ўйин давомида рақибда битта вазият бўлган бўлса, бизда кўпроқ бўлди ва учрашув дуранг билан тугади. Албатта, бугун ғалаба учун тушгандик, лекин икки очко йўқотдик. Ўйинни биз тўлиқ назорат қилдик ва агар рақиб ютганида янада аламлироқ бўларди. Баъзида шунақа нарса бўладики, футболчиларимиз терма жамоага бориб келишганидан сўнг ўйинимизда барибир пасайиш бўлади. Бу ҳолат ўтган йили ҳам кузатилганди. Йигитлар қанчалик тўпни яхшни назорат қилишмасин, уларда енгиллик кўрмадим. Кенжабоевни қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилишини кўп таъкидлагандик. Ўша вазиятда уч нафар ҳимоячимиздан қочиб кетишга улгурди. Бу албатта ҳимоячиларнинг қўпол хатоси. Биз билардик, “Қизилқум” ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиб қарши ҳужумда тўп суришини. Чунки уларни тезкор ўйинчилари бор. Айнан шу услуб билан бизни жазолади.
- “Насаф” ҳисобда ортда бораётганида Хусниддин Алиқулов ҳужумга ўтди. Бу футболчини ҳужумда синаб кўриш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
- Бу бизнинг кейинги вариантларимиздан бири ҳисобланарди. Кўряпсизлар, бу нарсани кўп ўйинларда такрорлаяпмиз. Уни ҳужумда ва иккинчи қаватда яхши ўйнашини биламиз. Баъзида таваккал тактикамизга борамиз. Бу эса кўп учрашувларда ўзини оқлаяпти. У асли ҳимоячи. Шунинг учун футболчини ҳужум чизиғида синаб кўриш нотўғри бўлади. Биласизлар, Хусниддин терма жамоада ҳам ҳимояда ўйнайди.
Фикрлар