Рўзиқул Бердиев: Бундай ғалабалар жамоа характерини кўрсатиб беради
Суперлига 2-туридан ўрин олган “Насаф” – “Андижон” (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
“Бугун мухлисларимизга байрам қилиб беришимиз шарт эди. Лекин ўйинни хато билан бошладик. Йигитлар ирода кўрсатишди ва бунинг учун уларга раҳмат айтиш лозим. Қаторасига иккинчи бор бундай ҳолат рўй бермоқда. Аммо бундай ғалабадан хурсандмиз. Чунки жамоамизнинг характерини кўрсатиб бермоқда.
Умуман олганда, учрашув тўлиқ бизнинг устунлигимизда ўтди. Фақат гол киритишимиз бироз чўзилди. Голдан сўнг футболчиларим янада эркинроқ ҳаракат қилишди. Ўйлайманки стадионга йиғилган мухлислар ўйиндан ҳам, натижадан ҳам хурсанд бўлиб қайтишди.
Машҳур Муҳаммаджонов бугунги баҳсда хато қилди, аммо бу хато уни янада кучли қилади. Ушбу хато учун йигитлардан узр ҳам сўради. Неъматов ва Эргашевда жароҳат бор. Ўйлайманки, келгуси ўйинга қадар Абдувоҳид Неъматов сафга қайтади”, – деди Бердиев.

Фикрлар