
Рўзиқул Бердиев: "Ҳужумчиларга эътирозимиз бор"
Суперлиганинг 18-туридаги марказий учрашувлардан бири - “Нефтчи” - “Насаф” тўқнашувида майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада амалдаги чемпиони жорий йилги чемпионатдаги дастлабки мағлубиятини тан олди. Ўйиндан кейин “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
-”Нефтчи” жамоаси қаҳрамонлик кўрсатиб, жуда яхши, зич ҳимояланди. Бизга ҳужумда совуққонлик, вазиятлардан фойдалана олмаслик етишмади. Ҳозир барибир сўрайсизлар, ўйин бошида “Нефтчи” бир киши кам бўлиб қолди. Унгача ҳам биз ташаббусга эга эдик. Ундан кейин ҳам ташаббусга эга бўлдик. Фақат ҳужумда омадимиз келмади, қаердадир совуққонлик етишмади. Мағлубиятга учрадик, бизни истагимиз ва хоҳишимиз бу эмасди. Бугунги учрашувда ғалаба қозонсак вазифамиз анча енгиллашарди. Йигитларга эътироз йўқ. Фақат Зафармуродни жарима майдони ичида Одилов йиқитганида эътироз билдирдик. Албатта, ҳужумчиларга эътирозимиз бор. Самарали ўйнашлари керак эди. Менимча, шу сабаблар бўлди ва мағлубиятга учрадик.
- “Насаф” амалдаги чемпион ва охирги иккита турда 5 очко йўқотди. Бунга муносабатингиз?
- Чемпионатимиз шунақа давом этяптики, ҳар бир жамоа очко йўқотяпти. Албатта, буни хоҳламаган эдигу, лекин муаммоларимиз қаерда бўляпти? “Андижон” ҳам зич ҳимояланганида ёриб ўта олмадик. “Нефтчи” ҳам айтганимдек, зич ҳимояланди ва бундай пайтда ҳужумда самарали ҳаракат қилмаяпмиз. Бу ёқимсиз ҳолат. Шунга қарамасдан барчаси ўз қўлимизда, кейинги ўйинларга тайёргарлик кўришимиз керак. Мавсум ҳали давом этяпти. Менимча, ҳали барча жамоаларда очко йўқотишлар бўлади. Чунки бу нарсалар амалда бўлиб турибди.
- “Насаф” асосан қанотлардан ҳужум қилди. Бу нарса марказда ўйнайдиган Акмал Мозговойнинг кетиши билан боғлиқ бўлдими?
- Акмални кетиши тарихга айланиб бўлди. Сардор билан Мурод Акмалдан ёмон ҳаракат қилмаяпти. Фақат натижа яхши бўлмаганда бу саволлар туғилаверади. Кимдир қайсидир клубни тарк этса бошқасини очилишига сабаб бўлади. Менимча, учта ўйин ўтказди ва Мурод катта ҳажмдаги ишни олиб боряпти. Сардорни бугунги ўйини менга яна бир бор ишонч бағишлади. Шунинг учун ичимиздаги имкониятдан фойдаланиб, ёшлар билан тўлдирамиз. Футболчилар кетади-келади, бундан олдин ҳам кетишган. Фақат вазиятдан, имкониятингиздан наф чиқаришингиз керак бўлади.
- Шалани биринчи бўлимда туширмоқчи эдингиз, аммо уни кейинроқ туширдингиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Ҳужумга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз керак эди. Учта ҳужумчи билан ҳаракат қилишимиз керак эди. Чунки бир киши кўп эдик. Биламан, Юсуф қанчалик тайёр бўмласа ҳам чап қанотда ҳам вингер сифатида ўйнай олиши учун биз учта ҳужумчи билан ўйнашга ҳаракат қилдик.
- ”Нефтчи”ни қайси кучли жиҳатлари эътиборингизни тортди?
- Биласизлар, “Нефтчи” кўпроқ ҳимоядан ўйинни қуради. Бугун бир киши кам бўлганидан кейин янада зичроқ ҳимояланди. Ҳужумни деярли кўп ўйламади. Қарши ҳужумда битта .ўйинчисини қолдириб ҳаракат қилди. Бу нарса “Нефтчи” жамоасига натижа берди. Бу йил биринчи бўлиб бизни мағлубиятга учратди.
- Ойбек Бозоровга Эрон, Қатар, Португалия каби чемпионатлардан таклифлар тушган экан. Бу қанчалик ҳақиқат?
-Йўқ, клубимизга ҳеч қанақа таклиф бўлмаган. Ҳозир кўп нарса сайтларда, ижтимоий тармоқларда ёзилаверади, кимнидир қизиқтириш ва жалб қилиш учун. Лекин бизга ҳеч ким ҳеч қанақа таклиф билдиргани йўқ, Ойбек ҳам бизга бу ҳақида гапирмади.
Комментарии