Рўзиқул Бердиев: “Ўтган йили яхшиям чемпион бўлмадим, акс ҳолда…” (Катта интервю)
Қаршининг “Насаф” жамоаси бош мураббийи – Рўзиқул Бердиев сайтимиз учун каттагина интервю берди. Қизғин ўтган суҳбат чоғида “аждарлар” устози клубнинг трансферлари, ОЧЛдаги имконияти ва шогирдларининг келажаги борасидаги кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди.
Клубнинг трансфер сиёсатидан кўнглингиз тўлдими?
- Имкон қадар жамоани кучайтиришга ҳаракат қилдик. Биз таркибда кўришни истаган маҳаллий футболчиларнинг талаби жуда баланд бўлиб кетган. Оддий мисол, Темурхўжа Абдухолиқов билан бу сафар ҳам боғланиб, шартнома туза олмадик. Биз уни жуда узоқ кутдик, аммо ҳужумчи якунда Наманган клуби билан келишувга эришди.
Темурхўжани бу сафар ҳам таркибга қўшиб олишнинг имкони бўлмади? Бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?
- Биз қанча таклиф берганимиз билан, футболчилар бир-бири билан алоқада бўлиб туради. Клубнинг футболчилардан қарзлари бор. Шу боис, бу ҳам Абдухолиқовни сафимига қўшиб олишимизга тўсқинлик қилгани аниқ. Ҳозир, ОЧЛ олдидан ўзимизга катта вазифалар қўйганмиз, бироқ таркиб биз истагандек қудратли эмас. Шунга қарамай, асосий ишни уддалай олдик. Яъни, таркибнинг ўзагини сақлаб қолишни уддаладик.
Ўтган мавсумда чемпионликни қўлга киритганингизда, бу йил трансферлар учун ажратиладиган сумма катталашган бўлармиди?
- Ўтган йили яхшиям чемпион бўлмадим, акс холда йигитларнинг барчаси бошқа жамоаларга кетиб қолган бўлар эди (кулади). Футболчиларим чемпионликни кейинги мавсумга қолдирди деб ўйлайман. Ҳозир имкониятимиздан келиб чиқиб таркибни кучайтиряпмиз. Тўғриси, ҳали биз учун ажратилган смета қанча эканлигидан хабаримиз йўқ. Клуб раҳбарлари ҳам ҳали қанча миқдорда пулимиз бўлишини билмай туриб, қандайдир катта трансферга қўл урмаяпти, уларни тушунаман. Ҳозир олиб келиб, кейин бутун жамоа қийналиб қолиши мантиққа тўғри келмайди.
Станисавлович трансфери нима учун амалга ошмади? Бу Машович билан келишув бекор қилинмагани билан боғлиқми?
- Александр билан шахсан ўзим телефон орқали суҳбатлашдим ва жамоага таклиф этдим. Кейин у қўйган талаблар сабабли трансфер барбод бўлди. У жуда катта маош сўради. Биласимиз, Станисавлевич талаб қилган суммани биз Ҳусниддин Алиқулов, Ойбек Бозоров, Шерзод Насруллаев ва Ҳусайн Норчаевга бўлиб берамиз. Ален Машовичнинг бунга умуман алоқаси йўқ. У билан келишиб олдик, аммо агенти унга ҳали-бери янги жамоа топишни уддалай олмади. Шу боис, ҳозирча биз билан машғулотларда иштирок этмода.
Норбой Муаллим “Насаф”га Жанубий Америкадан футболчи келиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Бу масала борасида бирор янгилик борми?
- Ҳа, агентлар жанубий америкаликлик футболчиларни таклиф этишди. Бир эмас, бир нечта вариантни кўрдик. Афсуски, бизга тўғри келадиганига имкониятимиз калталик қилди. Чўнтагимиз кўтарадиган вариантлар мураббийлар штабига ёқмади. Кўплари аввалги мавсумларда ўйин амалиётисиз қолиб кетган, ёши бироз ўтиб қолгани сабабли жиддий музокара ўтказилгани йўқ. Биласизми, барибир ҳаммаси клубнинг имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Мухлислар ўйлаганидек, жамоада трансферлар учун пул кўп эмас. Биз қўлимиздан келганича таркибни кучайтириш ҳақида ўйлаяпмиз.
Жавоҳир Сидиқов трансфери борасида фикрингиз қандай? Бу ижрочи тактик ўзгаришлар учун олиб келиндими?
- Ўйлашимча, Жавоҳир ҳар жабҳада бизнинг услубимизга мос келади. У ақл билан тўп суради. Шунингдек, жамоавий ўйинда ҳам жуда актив. Ўйлашимча, яхши трансферни амалга оширдик. Уни бизга ОЧЛда кўп ёрдами тегади деб ҳисоблайман. Айниқса, Марко Станоевичнинг жароҳатидан сўнг у биз учун марказдаги ўйинимизда жуда муҳим. Ҳа, Марко операция қилинди. У камида 2 ойга сафдан чиққан. Шу боис, Жавоҳир ОЧЛда асосий футболчиларимиздан бири бўлади. Агар бошқа схемада ўйнасак ҳам, у таркибдан тушиб қолмаслигига ишонаман.
Тожикистонлик легионер – Муҳаммаджон Раҳимовни ўзингиз танладингизми?
- Бу биз учун молиявий томондан жуда қулай трансфер бўлди. Эркин агент мақомида жамоа базасига кўрикка чақирилган ярим ҳимоячи 20 кун давомида машғулотларда иштирок этди. Менга унинг ҳаракатлари манзур келди. Тўғри, у бизни футбол ишқибозларимиз учун нотаниш бўлиш мумкин, аммо Муҳаммаджон Тожикстон терма жамоаси аъзоси. Шунингдек, “Истиқлол” билан биргаликда ОЧЛда тўп сурган. Тажрибаси етарли. Шу боис, унинг хизматидан фойдаланишга қарор қилдик.
Ҳусниддин Алиқулов жамоада олиб қолиш масласи ҳали очиқми?
- Дарҳақиқат, у билан Греция клуби қизиқиб қолди. Биз агар клубни қаноатлантирадиган таклиф бўлса, футболчини қўйиб юборишга тайёр эканлигимизни маълум қилдик. Кейинроқ маълум бўлишича, АЕКда легионерлар борасида лимит тўлиб қолган экан. Улар бу лимитдаги бир футболчини билан хайрлашмай туриб, трансферни амалга ошира олмаслигини маълум қилди.
Унинг трансфери учун “Насаф” 1-2 миллион доллар атрофида сўрагани росмти?
- Йўқ. Гап суммада эмас. Ҳусниддин борасида келиб тушган таклифда кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиш банди киритилган. Биз бу вариантни ҳам кўриб чиқишга тайёр эканлигимизни маълум қилдик, аммо кейинчалик бу масала кўтарилгани йўқ. Агар клубимизга манзур келадиган шартнома бўлса, биз уларни кўриб чиқишга тайёрмиз.
Тез орада ОЧЛ бошланади. “Аш-Шабоб”ни ўрганишни бошладингизми?
- Рақибимизнинг бир нечта ўйинларини томоша қилдим. Дарҳақиқат, кучли жамоа. Таркибида 7-8 та ўта сифатли легионери бор. Осиёлик футболчи лимити учун Жанубий Корея термаси аъзоси саналган дарвозабон танлаб олинган. Маҳаллий футболчилари ҳам кучли эканлигини билиб турибмиз. Шунга қарамай, биз ҳам ишланмалар билан Қатарга борамиз. Рақибни таҳлил қилиб, керакли хулосаларни чиқаряпмиз. “Насаф”нинг имижини ўзимиз кўтардик. Энди шу даражада мос ўйин кўрсатишга мажбурмиз.
Ўтган мавсумдаги чемпионлик пойгасидан сўнг йигитларнинг руҳий холати қандай? Улар барчасини янгидан бошлашга тайёрми?
- Тўғриси, биз кубокдаги ғалабадан сўнг бироз бўшашдик. Йигитлар мотивацияни бироз йўқотиб қўйгандек бўлди. Ёдингизда бўлса, кубокдан кейин “Динамо” билан ўйинда ғалабага лойиқ бўлмасакда, 3 очко олган эдик. Кейин, “Нефтчи”га имконият бой берилди. Буларнинг барчаси ўтмишда қолди. Ҳозир, ҳаммасини қайтадан бошлаймиз. Руҳий ҳолат борасида муаммо йўқ, йигитларим профессионал. Бизга ўтган йили бироз совуққонлик етишмади. Кубокдаги ғалабадан бироз бўшашдик, чоғи. Шунга қарамай, янги мавсумда ҳеч нарса бўлмагандек фақат чемпионлик учун тўп сурамиз.
Келаси мавсумда “Насаф”да янги номларни кўрамизми? Ёш футболчиларни назарда тутяпман.
- Албатта. Ҳозир Равшан Ҳайдаров қўл остидаги термага 5 футболчимиз кетгани боис, уларнинг ҳаммасини йиғинга олиб кетишнинг имкони бўлмади. Шунга қарамай, куни кеча ўринбосарлар, U19 ва U16 жамоаси мураббийлари билан йиғилиш ўтказдик. Келажак режалари борасида фикр алмашдик. Кўз остимизга олиб қўйган футболчиларимиз бор. Биз кучли бўлиш билан биргаликда, ёшларни асосий планга чиқаришни ҳам унутмаслигимиз лозим. Академиямизда иқтидорли футболчилар етишиб чиқишда давом этмоқда. Демак, келаси мавсумда ҳам ёш футболчиларга суянган ҳолда, кучлироқ бўлишга интиламиз.
“Насаф”нинг 4 футболчисини “Бунёдкор” сўрагани ростми?
- Ҳа рост, бироқ бизга ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Шунчаки, таклиф беришди холос. Кейин, рўйхатда 4 та эмас, икки футболчининг номи бор эди. Булар Ғолиб Ғайбуллаев ва Зафармурод Абдираҳматов. Ҳозирча, бу борада янгилик йўқ. Улар биз билан машғулотларда иштирок этмоқда.
Мавсумга тайёргарлик борасида қандай режалар бор?
- 27 январь куни Туркияга йўл оламиз. Биринчи навбатда жамоамизнинг жисмоний ҳолатини яхшилашимиз лозим. Шу боис, иккита таркибимиз учун 8 та назорат ўйинини ташкил этамиз. Яъни, ҳар 4 кунда биттадан баҳсда майдонга тушамиз. Нафақат асосий, балки захира футболчиларини ҳам оптимал формада Қатарга олиб боришни режалаштирганмиз. Биз доим ўзимиз иштирок этган турнирларда олий мақсадни олдимизга қўямиз. ОЧЛда ҳам бор кучимизни ишга соламиз.
Ўтган мавсумдан сўнг сизнинг ишдан кетишингиз борасидаги миш-мишлар пайдо бўлди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Тўғриси, ҳали бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Бир нечта молиявий яхши таклифлар келиб тушганига қарамай, “Насаф”да қолдим. Жамоа билан ўртада яна бир йиллик контрактим бор. Ҳозир кетиш ҳақида ўйламаяпман, аммо мавсум сўнгида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Ўзимга қолса, шу ердан ҳеч қаерга кетгим йўқ. Қолганини вақт кўрсатади.
Ўзбек футболи ишқибозларига янги мавсум олдидан айтадиган сўзларингиз бўлса, марҳамат!
- Биринчи навбатда, ўтган мавсумдаги активлик учун миннатдорчилик билдираман. Нафақат “Насаф”, балки бошқа жамоа мухлисларига ҳам. Айнан уларнинг стадионни тўлдириб ўтириши Суперлига атмосферасини ташкил этади. Барча ўзи севган жамоасини қўллаб-қувватлашда давом этсин. Биз эса, футболимиз ривожи учун меҳнат қилишдан тўхтамаймиз!
Фикрлар