Рўзиқул Бердиев: "Режамиз бўйича яна иккита ўйинчи олишимиз керак, булар асосан ҳужумкор футболчилар бўлади"
“Насаф” ўз уйида Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига қарши халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фикрлари билан ўртоқлашди.
- Олдинроқ “Истиқлол” жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказишни келишгандик. Бу бизга жуда асқотди. Ўйлайманки, тайёргарлигимизни яхши даражага чиқариб олдик. “Истиқлол” жамоасига қарши халқаро ўйин бўлди ва биринчи марта тўқнаш келдик. Бу жамоани ҳамма яхши билади. Тожикистон терма жамоасининг асосини ташкил қилади ва Тожикистон футболининг байроқдори десак ҳам бўлади. Шунинг учун биз билан келишганида бажонидил бунга хурсанд бўлгандик. Чунки рақибимизнинг анчайин жиддийлиги бизга жуда муҳим эди.
Албатта, ўйин режамиз бўйича кечди. Баъзи-бир камчиликларимиз бўлдию, лекин рақибга камроқ имконият беришга ҳаракат қилдик. Тўпсиз ҳаракатларимизда буни уддаладик. Албатта, ҳужумда айрим камчиликларимиз бўлди. Бугун асосий кўзлаган мақсадимиз ўйин амалиётига эга бўлиш керак эди ва ўйиндаги юкламани олиш лозим эди. Биз бунга эришдик.
- Жигаурининг жамоага қабул қилингани ҳам бежизга эмаслиги кўриняпти. Ундан келажакда нима кутяпсиз?
- Биз ҳар бир ўйинчини таклиф қилганимизда чуқур ўрганамиз. Кўрсаткичларига, ўйнаган даражасига эътибор қаратамиз. Ўйинлар кўрсатяптики, у анча маҳоратли футболчи. Ўйлайманки, жисмоний ҳолатини янада яхшилаб олса жамоамизга катта фойдаси тегади. Режамиз бўйича яна иккита футболчи олишимиз керак. Булар асосан ҳужумкор ўйинчилар бўлади.
Фикрлар