Рўзиқул Бердиев: Замонавий футболда стандартлардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиб бормоқда

Cоcа-Cоlа Суперлига 20-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Насаф” (1:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларин билдириб ўтди.

Очиқ ўйин гувоҳи бўлдик. “Олимпик” таркибида кўплаб йўқотишлар бўлишига қарамай, ҳужумга кўпроқ эътибор қилишини билар эдик. Иккала жамоа ҳам очиқ ҳаракат қилгани учун вазиятлар нисбатан кўп бўлди. Ушбу вазиятларни голга айлантирганимиз, ғалабамиз омили бўлди.

Иккинчи бўлимни бўш бошладик ва дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. “Олимпик” ҳужумни кучайтиргани учун биз ҳимояда жисплашишимиз зарур эди. Шунинг учун 5 ҳимоячи билан ўйнашга ўтдик. Аслида бу схема режамизда мавжуд эди.

Замонавий футболда стандартлардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Боиси, ҳозирги кунда кўпроқ ҳимоявий ўйин тенденцияси шаклланиб бормоқда. Шу сабабли стандарт вазиятлар ва индивидуал ҳаракатлар жуда муҳим. Алиқулов ва Давронов ҳаводаги курашларда яхши ҳаракат қиларди. Уларнинг йўқлиги биз учун катта йўқотиш. Бироқ имкон қадар бошқа вариантларни излашга интиламиз. Баъзан 5 ҳимоячидан иборат ҳимоявий футбол кўрсатишимиз ҳам зарур бўлади. ОФК Чемпионлар лигаси баҳсларида айниқса. “Ал Файсали” билан учрашувда ҳам биз 3 марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилган эдик. Насруллаев АҚШ сафаридан сўнг ҳужумга ўтиб, ортга қайтишга қийналди. Орқадаги уч ҳимоячи Насруллаевнинг ҳам, Абдираҳматовнинг ҳам эркин тарзда олдинга ўтишини таъминлади.

Терма жамоаларга кўплаб футболчилар жалб этилишидан клублар жабр кўради. Айниқса, узоқ сафарлар бўлса, жисмоний ҳолати жуда ҳам ёмон тарзда қайтишади. Аммо, биз терма жамоа мураббийлари билан маслаҳатлашган ҳолда, иккала томон учун ҳам мақбул вариант излаб, вазиятдан чиқишга интиляпмиз”, – деди Бердиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!