Рубин Хебай: "Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлаяпман"
Ўша барчамиз яхши билган ва таниган албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай яна Ўзбекистонга қайтишга тараддуд кўрмоқда.
2023 йилги мавсумда “Андижон”даги ўйинлари билан Суперлигани “ёндирган” ҳужумчи ўтган йил бошида Саудия Арабистонининг “Ал Оруба” клубига трансфер қилинганди. У ерда Хебай 12 та ўйинда 3 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. Сўнг сентябрь ойида Туниснинг “Скафсьен” клубига кўчиб ўтди. У ерда 7 та ўйинда 2 та гол муаллифига айланди. Солиштириш учун айтамизки, Рубин “Андижон” таркибида чемпионат баҳсларида 24 та беллашувда 12 та гол урган, Кубок мусобақасида эса 3 учрашувда 2 та тўп киритган.
Тунис чемпионатида Хебайнинг клуби молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Гарчи амалда шартномаси бўлса-да, икки томон ўзаро келишган ҳолда битимни бекор қилдилар. Натижада футболчи 2025 йилнинг 1 январидан эркин агентга айланди.
Тажрибали ҳужумчига юртимизда яна таклифлар борлиги ва айниқса, “Насаф”нинг жиддий қизиқаётгани хусусида маълумотлар бор.
Sports.uz журналисти вазиятга ойдинлик киритиш учун Рубин билан боғланди.
- Рубин, Ўзбекистонда қишки трансфер ойнаси очилган. Юртимизга қайтишни режалаштиряпсизми?
- Ҳа, мен чиндан ҳам Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлаяпман.
- Сизни “Насаф” клубига ўтаётганингиз тўғрисида гапиришяпти...
- Менимча, шу кунлар ичида барчаси расмий кўриниш олади. Агентим бу борада ишлаяпти.
- Мендаги маълумотларга кўра, сиз Тунияда муаммоларга дуч келгансиз. Айниқса, бир нечта ойлик маошларингизни ҳали олмагансиз. Шундайми?
- Ҳа, бу тўғри. Клуб муаммоларга дуч келаётгани сабабли хануз маошимни ололмаяпман.
- Тунисга қайтиб бормаслигингизни тахмин қилиш қийин эмас. Сизнингча, фаолиятингизни у ерда давом эттириш хатомиди?
- Тўғри, мен ҳозирда эркин футболчиман. Умуман, бу даврни ёмон ўтди, дея олмайман. Мен янги маданиятлар, янги давлатларда тажриба орттирдим.
- Рубин, янги мавсумни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмисиз?
- Айтиб ўтганимдек, яқин кунлар ичида барчаси расмийлаштирилади. Шунинг учун ҳам келажагим ҳақида кўп ҳам гапиргим йўқ.
- Ўзбекистон чемпионатидан кетганингиздан кейин Саудия Арабистони ва Тунисда ўйнадингиз. Бироқ гол уриш борасидаги сермаҳсуллигингиз Суперлигамиздаги каби бўлмади. Балки яна тўпурарлигингизни Суперлигада кўрсатарсиз-а?
- Умид қиламан. Мен мослашишда анча қийналдим. Ўзбекистонда эса одамларнинг менга бўлган муносабати ёрдамида ўз уйимдагидек ҳис қилгандим.
- “Андижон” клубидаги фаолиятингизни кўпчилик эслаб туради. Собиқ жамоангизда кимлар билан ҳалигача гаплашиб турасиз?
- Мен кўпроқ Владимир Бубанья, Леван Арвеладзе, Нодари Кавтарадзе, Игорь Литовка, Илдар Маматказин ва яна бошқа бир нечта футболчилар билан алоқада бўлиб тураман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар